Мусулмонлар жамоасининг аксарини ташкил этган мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига муносиб ҳисса қўшган Абу Мансур Мотуридий (870-944) мактабининг атоқли намояндаларидан Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий (421-493), Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (461-537) каби кўплаб олимлар ақида илмининг гуллаб-яшнашига хизмат қилдилар. Дарҳақиқат, улар қаторига Мовароуннаҳрда яшаб самарали ижод қилган, калом илмининг машҳур алломаси, буюк мутафаккир Абу Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафийни (1027-1114) ҳам қўшиш мумкин. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (ваф. 930) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бўлган. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абу Муъин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд тушади. Ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг халқ орасида тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатади. У кишининг машҳур шогирдлари қаторига Умар ибн Муҳаммад Насафий, Аловуддин Самарқандий, Абу Бакр Кошоний, Абулмузаффар Талқоний, Аҳмад Паздавий, Абулҳасан Балхий, Абулфатҳ Ҳалмий, Абдурашид Валволижий, Маҳмуд Соғаржий, Али ибн Ҳусайн Сакалкандий каби ўз даврининг етук алломаларини ҳам қўшиш мумкин. Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби”) асарида устози тўғрисида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари устозим – Абу Муъин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”. Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафи солиҳларнинг фикрларини мустаҳкамлади, ўша пайтда фитна уруғини сочишга уринаётган мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Исломий соғлом ақидани мудофаа қилиш учун инсонлар орасида ҳидоятчи бўлиб, илм тарқатиш мақсадида қалам тебратди. Абу Мансур Мотуридий асос солган ва жамиятда қарор топган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим роль ўйнаган етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзди. Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган асосий манбаларидан биридир. Асарнинг кўплаб нусхаларга эгалиги, унинг калом илми ривожланиш босқичларини ўрганиш ҳамда аксар адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манба эканлигини кўрсатади. Айниқса, Абу Муъин Насафийнинг ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши тургани, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб боргани, жаҳолатга қарши маърифат билан курашгани бугунги кун учун жуда ҳам катта аҳамиятга эга. Унинг асарларига эътибор бериб қарасак, кўплаб тортишувларга сабаб бўлган масалаларни танлаб, уларни ёритиб беришга ҳаракат қилган. Бу ақидавий масалаларга алоҳида тўхталишдан мақсад, мусулмонлар мусаффо ақидани англаб, тушуниб, унга амал қилган ҳолда тинч-тотув, фаровон ва бахтли ҳаёт кечирсинлар. Адашган фирқаларга қарши ҳимоя воситасини яратишсинлар. Абу Муъин Насафий ақидавий мавзуларни очиб беришда баҳс-мунозара услубидан кенг фойдаланган, яъни муаллиф аввал бошқа адашган фирқаларнинг ақидадаги фикр ва қарашларини ифодалаб, кейин ўзининг (мотуридия) ақидасини баён қилиб ва уни исботлаган, кейин уларнинг гаплари асоссиз эканлигини ўз раддияларида бирма-бир келтириб ўтган. Шунингдек, Аллоҳнинг биру борлиги, яратувчанлиги, унинг зотий ва феълий сифатлари, унга ташбиҳ қилиш ва макон хослашнинг ботиллиги, унинг каломи азалийлиги, бандаларнинг феъллари яратилгани, жаннат ва дўзахнинг мавжудлиги, қабр азобининг ҳақлиги, киши катта гуноҳ қилгани билан куфрга ҳукм этилмаслиги, тақдирнинг азалдан битиб қўйилгани, авлиёларнинг каромати, пайғамбарларнинг мўъжиза кўрсатиши ҳақлиги,...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган онлайн дарслар ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари порталнинг “Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилмоқда. Бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ онлайн дарслар намойиш этилди. Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда. Ушбу дарслар юртдошларимизнинг мавзу юзасидан билимларини ошириш ва эътиқодларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Портал орқали келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилган онлайн дарслар “Youtube.com” тармоғидаги порталнинг расмий каналига қайта ишланган ҳолатда жойлаштирилмоқда. Бугунги кунга қадар Тажвид фанидан 7 та дарс жойлаштирилди. Истиқболда Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадис, Ислом тарихи, Сийрат ва араб тили фанларидан ҳам дарсларни жойлаштириш кўзда тутилган. Ушбу дарслар ёрдамида ишончли манбаадан маълумот олишингиз, ўз вақтингиз ва маблағингизни тежашингиз мумкин. Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/ Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ 510
Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банкининг минтақавий директори Ҳишом Толиб Маъруф жаноблари бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди. Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Ўзбекистондаги ислом цивилизасияси маркази директори Ш.Миноваров делегация аъзоларини қабул қилди. Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Самарқандда қурилаётган халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ва илмий концепцияси билан яқиндан танишдилар. Делегация раҳбари Ҳишом Толиб Маъруф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази лойиҳаларига ижобий баҳо берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзбек халқи учун ҳам, Имом Бухорийни ўзига устоз санайдиган бутун мусулмон уммати учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирлар меросини ўрганиш учун олимлар ва тадқиқотчилар ташриф буюришларига ишонамиз, дея ишонч билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳаларда Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатади, дея ишонтирди. Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки(ИТБ) 1975 йилда ИҲТ мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра ташкил этилган. ИТБнинг штаб-квартираси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ИТБнинг Ҳудудий офислари 1994 йили Работ (Марокаш)да, шу йили Куала-Лумпур (Малайзия)да, 1997 йили Олма-Ота (Қозоғистон)да ва 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилди. Банк шунингдек 12 та аъзо мамлакат Афғонистон, Озарбайжон, Бангладеш, Гвинея, Индонезия, Эрон, Нигерия, Покистон, Сьерра-Леона, Судан, Ўзбекистон ва Яманда маҳаллий ваколатхоналарга эга. ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда шариатга мувофиқ ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат. Банк ташкил этилаётган вақтда унинг низом жамғармаси 6 млрд.исломий динорни, аъзолари сони 22 тани ташкил этган. Исломий динор – ИТБ фойдаланадиган ҳисоб бирлиги; бир исломий динор ХВЖнинг бир қарз олиш махсус ҳуқуқига (CDR IMF) тенг (ҲВЖ томонидан чиқариладиган сунъий заҳира ва тўлов воситаси). Ҳозирги вақтда ИТБга иштирокчи аъзолар 56 та давлат ҳисобланади. 2013 йили ИТБнинг эълон қилинган ҳиссадорлик капитали – 30 млрд.исломий динорни, шу жумладан, обуна ҳиссадорлик капитали – 18 млрд.исломий динорни ташкил этди. Банкнинг асосий ҳиссадорлари Саудия Арабистони(23,6% акция), Ливия(9,5%), Эрон(8,3%), Нигерия(7,7%), БАА(7,5%), Қатар(7,2%), Миср(7,1%), Туркия(6,5%) ва Қувайт(5,5%) ҳисобланадилар. 2013 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгаши умумий ҳиссадорлик капиталини 30 млрд.исломий динордан 100 млрд.исломий динор(150 млрд.доллар)га кўтариш ҳақида қарор қабул қилди. Банкнинг обуна капитали ҳам 18 млрд.исломий динордан 50 млрд.исломий динорга оширилди. Ушбу қарор аъзо-мамлакатларнинг молиялаштириш маблағларига бўлган катта эҳтиёжи билан боғлиқ. Сўнгги 12 йил давомида етакчи рейтинг агентликлари (Moodys, Standard&Poors, Fitch) томонидан ИТБга узоқ муддатли кредит рейтинги – “ААА” ва қисқа муддатли олий барқарор кредит рейтинги – “А+” бериб келинмоқда. 2013 йилнинг декабрида ушбу рейтинглар яна тасдиқланди. 308
Инсон зоти ҳар доим ўзига юпанчиқ бўладиган бир дардкашга, унинг сирларини сақлай оладиган сирдошга муҳтож. Аллоҳ таоло бандаларидаги ушбу эҳтиёжни никоҳ деб аталмиш неъмат ила қондирган. Бу борада Каломи шарифда шундай марҳамат қилинади: وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят). Никоҳ – Аллоҳ таолонинг амри ила инсонлар орасида инсоният насли давомийлигини таъмин этадиган ҳамда гуноҳлардан тўсиб, қурбат ҳосил қилинадиган ибодатга айланди. Шунинг учун ҳам ана шу қурбат ҳосил қилинадиган ибодатни йўқотиш, яъни оилани барбод қилиш энг катта гуноҳлардан бири этиб белгиланди. Шу боисдан динимизда оила алоқаларини мустаҳкамлайдиган омилларга алоҳида эътибор қаратилган. Ана шундай омиллардан бири эр-хотиннинг “оилавий сирни сақлаш”га қатъий риоя қилмоғидир. Келинг, дастлаб сир нима эканини яна бир бор аниқлаштириб олайлик. Сир – кишиларнинг бошқалар ундан хабардор бўлиб қолишидан сақлаб келадиган маълумотидир. Ҳар бир кишининг ўзига яраша сирлари, бошқаларнинг хабардор бўлишидан яширадиган ишлари мавжуд. Лекин камдан-кам инсонларгина сирларини ўзлари билан олиб кетадилар. Кўпчилик эса бу сирларни кўтариб юришга дош бера олмай, бошқа бировга – ўзи ишонган, ўзи яхши кўрадиган кишиларга ёрилади. Аслида, сир кишининг ёлғиз ўзи ёки тарафлар ўртасида бўлиши мумкин. Ўзлари билан сирларини олиб кетиш сирнинг биринчи турига киради. Биз бугун тарафлар ўртасидаги сир, унга боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритамиз. Чунки оиладаги сир икки тарафга ҳам бирдек боғлиқ бўлган ишдир. Муқаддас динимиз бировнинг айбларини беркитиш, бошқаларнинг сирларини ошкор қилмасликни буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Ким бир мўминнинг айбларини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбларини дунё ва охиратда беркитади…” Эр-хотин ҳам бир-бирининг сирлари борасида масъул бўлиб, бу сирларни бошқалардан сақлаш, ташқарига чиқиб, ёйилиб кетишидан ҳимоялаш уларнинг умумий мажбуриятидир. Эр-хотин бошқалардан сақлаши лозим бўлган сирлар бу – эр-хотинлик муносабатлари ва уларнинг хилқати борасидаги маълумотлардир. Динимизда оилавий маълумотларни бегоналарга тарқатиш катта гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оиласидаги маълумотларни тарқатган кишилар ҳақида қуйидагича тавсиф берганлар: فعن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: هل منكم رجل أتى أهله، فأغلق عليه بابه، وألقى عليه ستره، واستتر بستر الله؟ قالوا: نعم. قال: ثم يجلس بعد ذلك، فيقول: فعلت كذا، فعلت كذا. فسكتوا، ثم أقبل على النساء؛ فقال: منكن من تحدِّث؟ فسكتن، فجثت فتاة كعاب، على إحدى ركبتيها، وتطاولت لرسول الله صلى الله عليه وسلم ليراها ويسمع كلامها، فقالت: يا رسول الله، إنهم ليحدثون، وإنهن ليحدثن، فقال: هل تدرون ما مثل ذلك؟ إنما مثل ذلك مثل شيطانة لقيت شيطانًا في السكة، فقضى حاجته والناس ينظرون إليه Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизларнинг орангизда эшикларини ёпиб, пардаларини тушириб, Аллоҳ таоло сатри ила тўсилиб ўз аёлига яқинлашадиган кишилар бор-а?” Саҳобаи киромлар: “Шундай”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шундан сўнг ўтириб: “(аёлим билан) ундай қилдим, бундай қилдим”, деб айтадими?”, дедилар. Саҳобаи киромлар сукут қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга юзланиб: “Сизлар орангизда (мана шундай) деб айтадиганлар борми?”, дедилар. Улар ҳам сукут ...