Мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуcнинг тўртинчи ташаббуси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бир қатор манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида юртимизда илк бора “Tashkent book fest – 2019” биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ташкил қилинди.2019 йил 4 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ва талабалари Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев ва маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов бошчилигида мазкур кўргазмада иштирок этдилар.Кўргазма-ярмаркада иштирок этаётган етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Туркия давлатларининг 16 та ноширлик ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлари, шунингдек, Ўзбекистондаги 30дан ортиқ давлат ва хусусий нашриётлар, босма нашрлар ва китоб дўконлари томонидан намойиш қилинаётган китоблар; маданий тадбир доирасида ўтказилган “Заковат” савол-жавоблар танлови; “Саҳҳофлик” (муқовасозлик) китобларни безаш санъати ва реставрация, хаттотлик, миниатюра санъати, Самарқанд ипак қоғозини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Бу кўргазма-ярмарка талабаларнинг китоб мутолаасига бўлган иштиёқлари янада ошишига катта ҳисса қўшади.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн