Жорий йилнинг 14 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг талаба қизлари иштирокида “Интернет ижтимоий тармоқларида ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш муаммолари” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Алий маъруза қилди.
Суҳбатда, интернет ижтимоий тармоқларида ҳозирги кунгача давом этиб келаётган турли оқимларнинг фитналари ва уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Шунингдек, интернетдан оқиб келаётган ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришда эҳтиёт бўлиш, билмаган мавзусига аралашмаслик, акс ҳолда ҳар хил фитналарга сабаб бўлиб қолиши таъкидлаб ўтилди. Диний саводсизликка барҳам бериш учун интернетдан фойдаланувчининг ўзи илмга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди. Ҳамма вақт билмаган мавзусига аралашган одам ютқазади, биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам беришимиз, бидъатларга қарши қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада сиз талаба қизларнинг масъулиятингиз улкандир…”, деди.
Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат сўнгида талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга устоздан жавоб олдилар.
Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
З.Суярова