islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Модуль таълим тизимида иккинчи давра ўқишлари бошланди

Ҳозирги даврда республикамизда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятдаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш вазифалари диний соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида 2019–2020 ўқув йилидан Модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизими орқали имом-хатиблар асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинмоқда. 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизимига 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиб саралаб олинди. Шулардан 60 нафари 1-даврани тамомладилар.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни ТИИ Модуль таълим тизимида 2-давра ўқишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари И.Иномов, муфтий маслахатчиси А.Матқулов, ЎМИ таълим ва кадрлар таёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов, Вақф ҳайрия жамоат фонди раҳбари И.Халилов, ТИИ ректори У.Ғафуров, Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлим бошлиғи в.б. А.Олимов иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва муфтий маслахатчиси А.Матқулов томонидан 2-давра ўқишлари муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, диний таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб 2-давра талабаларини муборакбод этиш учун сўзни ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномовга берди.

Иброҳим домла барчани янги ўқув давраси билан қутлаб, ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табригини етказди. Ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси А.Матқулов, Вақф ҳайрия жамоат фонди раҳбари И.Халилов сўзга чиқиб, ҳозирги глобаллашув асрида барча бирдай огоҳ бўлиши, хусусан, имом-хатиблар ўз устида тинмай ишлаши лозимлиги, доимий равишда билим ва кўникмани ошириб бориш, турли бузғунчи ғоялар билан ёшлар онгини эгаллашга уринаётган тоифаларга қарши раддиялар бериб бориш бугунги куннинг талаби эканини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнгида Вақф ҳайрия жамоат фонди томонидан ҳар бир талабага мусҳаф совға қилинди.

Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов

104350cookie-checkМодуль таълим тизимида иккинчи давра ўқишлари бошланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: