islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтида “Усулул фиқҳ билимдонлари” мусобақаси бўлиб ўтди

Аллоҳ таоло “Тавба” сураси 122-оятда шундай марҳамат қилади:

فَلَوْلَا نَفَرَ مِن كُلِّ فِرْقَةٍ مِّنْهُمْ طَائِفَةٌ لِّيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ

Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фиқҳнинг фазилати борасида шундай марҳамат қилганларлар:

 مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”

Юқоридаги оят ва ҳадислардан маълумки Шариъатимизда фиқҳ ва фақиҳларнинг юксак ўрни бор.

Усулул фиқҳ илми эса фиқҳнинг ажралмас бўлагидир. Киши бу фанни билмасдан туриб ҳақиқий фақиҳ бўла олмайди.

Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий бу борада шундай деганлар: “Фиқҳ билан машғул бўлган киши албатта маълум вақтини усул фиқҳни ўрганишга ҳам сарфлаши зарур. Чунки бу илм фақиҳ учун энг муҳимидир”.

Кейинги йилларда юртимиз илм аҳллари орасида ҳам бу илмга эътибор кучайди. Бунинг натижаси улароқ бир  бир неча китоблар ўзбек тилига таржима қилинди. Ислом билим юртларида эса бу фанга доир муҳим адабиётларни ўқитиш тизими жорий қилинди.

“Декабрь ойи – фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги” муносабати билан 2019 йил 17 декабрь кунии Тошкент ислом институтида 3-курс талабалари ўртасида “Усулул фиқҳ билимдонлари” мавзусида  мусобақа ташкил этилди.  Қуръон тиловати қилиниб, сўнг Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров мусобақани очиб берди. Иштирокчиларни чиқишларини ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор Умид домла Ходжаев ҳамда “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” ўқитувчилари С.Примов, Я.Раззоқов, Ф.Жўраев, Ҳ.Жўрабоевлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

Мусобақа жами 4 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир жамоада 4 тадан иштирокчи қатнашди. “Абул Баракот Насафий шогирдлари”, “Низомиддин Шоший издошлари” ва  “Фахрул ислом Паздавий ворислари” жамоалари ўртасида ўтган мусобақа жуда қизғин ва мазмунли бўлиб ўтди.

Мусобақа натижаларига кўра, “Низомиддин Шоший издошлари” жамоаси  66 балл билан 1-ўринни, “Фахрул ислом Паздавий ворислари” жамоаси 62 балл билан 2-ўринни, “Абул Баракот Насафий шогирдлари” жамоаси 54 балл билан 3-ўринни эгалладилар.

Ғолиб гуруҳлар институт раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар ва китоблар билан тақдирландилар.

Шунингдек, декабрь ойи давомида фан ойлиги муносабати билан фиқҳ ва фароиз фанларидан институтнинг кундузги ва сиртқи бўлим талабалари учун танлов ўтказилганди. Танлов натижалари ҳам эълон қилиниб, ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар”
кафедраси ўқитувчиси Жўраев Сойибжон

110800cookie-checkТошкент ислом институтида “Усулул фиқҳ билимдонлари” мусобақаси бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: