2019 йил 27 декабрь куни муҳтарам президентимиз бошчиликларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар маънавиятини юксалтиришга бағишлаанган йиғилишда баркамол авлод таълим-тарбияси борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар баробарида ҳал этилиши лозим бўлган масалар тўғрисида ҳам сўз борди. Айниқса, ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш масаласига алоҳида тўхталинди.
Шу муносабат билан, ёшларни оилага тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишдаги ишларни янада такомиллаштириш борасида тизимли вазифаларни йўлга қўйиш мақсадида таълим муассасалари мударриса ва талабалари ўртасида мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Тошкент ислом институти талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова, устозлар Н.Саидакбарова ва Ҳ.Зоирова ҳамда 1-курс 103-гуруҳ талаба қизлари билан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, оила илмий амалий марказига ташриф буюрди. У ерда марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева билан “Бахтли оилада – бахтли авлод улғаяди” мавзусида суҳбат бўлди.
Ҳар қандай инсонда энг аввало, оила тинч бўлса, кайфияти яхши бўлади, иши унумли, бошлаган ишининг натижаси кўнгилдагидек бўлади. Чунки инсон ҳақиқий халоватни биринчи навбатда ўз оиласидан олади. Оиладаги катталар орасидаги муносабатлар унда вояга етаётган фарзандларга жуда катта таъсир кўрсатади. Носоғлом муҳитга эга оиладан носоғлом, тарбиясиз фарзандлар етишиб чиқади. Оила катталари, эр-хотин фарзанд тарбиясидек масъулиятли ишга ҳар томондан жиддий қарасаларгина, ўз оилаларида доимо тинч, хотиржам турмушни таъминлашга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун эр ҳам, хотин ҳам ўзининг оиладаги ўрнини яхши билиши, ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Ахир, бежизга айтишмайди, оилани тарбия ўчоғи деб.
Мана шундай рисоладагидек оилаларнинг кўпайиши бугунги кунда оила қуриш ёшида бўлган ёш йигит-қизларимизнинг олган таълим-тарбияси, уларнинг оила ҳақидаги билимларни қай даражада билишларига, оилавий муносабатларга қай даражада жиддий қарашларига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Ушбу давра суҳбати мана шундай долзарб мавзу юзасидан бўлиб ўтди. Марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева ёшларимизни оилавий муносабатларга тайёрлаш, оиланинг оғир-енгилига жиддий қараш, сабр-тоқатли, кези келганда бардошли бўлиш нақадар муҳим эканлигини давра суҳбати иштирокчиларига қизиқарли тарзда тушунтиришга ҳаракат қилди. Суҳбатнинг ўта жиддийликдан бироз чекланиб, эркак ва аёл, қиз ва йигит орасида бўладиган ҳаётий муносабатларга тааллуқли турли ривоят-афсоналар билан ҳамоҳангликда олиб борилиши ёшларни қизиқтириб қўйди.
Суҳбат марказ раҳбари М.Маҳмудхўжаева ва талаба қизларнинг қизғин савол-жавоби тарзида якунланди. Суҳбатда иштирок этган институт ҳодимлари қизиқарли суҳбат учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Тошкент ислом институти талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова