World Interfaith Harmony Week
Ушбу халқаро ҳафталик тадбири БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 20 октябр, 2010 йилда қабул қилинган резолюцияга мувофиқ ўтказиб келинади. Ҳужжатда қайд этилишича, барча дин вакиллари ва тарғиботчиларининг маънавий бурчи- инсонларни тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро тушунишга чақиришдан иборатдир.
Ушбу таклиф Иордания қироли Абдуллоҳ II ташаббуси билан киритилган ва маъқулланган.
Таъкидланишича, ушбу Ҳафталикка диний етакчилар, турли диний ташкилотлар ва алоҳида шахсларни диний эътиқод ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушунишга қаратилган саъйи ҳаракатларга дунё халқлари эътиборини қаратиш мақсадида асос солинган.
Илк маротаба жаҳон динлараро бағрикенглик ҳафталиги 2011 йилда ўтказилган эди. Бирлашган Миллатлар ташкилоти барча давлатларни ушбу ҳафта давомида ихтиёрий асосда динлараро уйғунлик ва яхши ният ғояларини тарқатилишини қўллаб- қувватлашга чақиради. Жараён марказлари эса бутун дунёдаги масжидлар, черковлар, синагоглар ва бошқа ибодатхоналар бўлади.
Юртимиз Ўзбекистонда ҳам турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилади. Алоҳида қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат – “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббусини 2017 йил сентябрь ойида Бош Ассамблеянинг 72- сессиясида илгари сурган эди. Ташаббуснинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлагани жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо ва эътирофдир.
https://t.me/grandtalim