Шу йилнинг 8-13 февраль кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 27- халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақа машҳур Қуръон ҳофизларини Аллоҳ таолонинг каломи шарифига кўрсатган беқиёс хизматлари учун тақдирлашнинг юксак намунаси сифатида таниқли машҳур Қуръон ҳофизи, марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомад номи билан аталиб, унда марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг оила аъзолари ҳам фахрий меҳмон сифатида қатнашади.
Мазкурм қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади:
- Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан билиши билан бирга Қуръони каримнинг луғавий маъноларини ҳам билиши.
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши.
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши (Африка давлатлари қорилари учун).
- Қуръони каримни тўлиқ тажвид қоидаси билан ёддан билиши, ўсмирлар учун (иштирокчининг ёши 12 ёшдан ошмаслиги керак).
Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада таклиф қилинган 65 та давлатдан қорилар иштирок этади.
Юртимиздан Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Валихон қори Азимбоев Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтадиган Шайх Абдулбосит Абдуссомад номли 27-халқаро Қуръони карим мусобақасининг биринчи йўналишида қатнашиши учун кеча Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Биз вакилимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Манба: muslim.uz