islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафийлик мўътадил мазҳаб (2- қисм)

Ҳанафий мазҳабида ҳукмларнинг халқчил, оммабоп тарзда олингани ҳам бу мазҳабнинг сафи кенгайишига асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Мазҳабимизда ҳукм олишда авваламбор Қуръон, суннат, саҳобаи киромлар сўзлари, ижмо, қиёс, истиҳсон шунингдек, урф ҳам асос қилиб олинган. Ҳукм олишдаги асос ўша манбаларнинг биридан топилмаса, кейингисига мурожаат қилиш бўлган. Бу эса саҳобийларнинг ижтиҳод қилишларини ўзгинасидир.  Бу худди Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Яманга кетаётган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган жавобларига ўхшашдир.  Ҳанафий мазҳаби бошқаларига нисбатан ҳукмларни дақиқ, нозик  томонларига  эътибор берганлиги билан ажраб туради.

 “Урф”  ҳақида айтиладиган бўлса, бу ҳанафий мазҳабини асосларидан бири бўлгани маълумдир. Бирор бир масалада  Қуръон, Суннат ва ижмолардан ҳукм топилмагандан кейингина бу усулдан фойдаланилган.

      “Урф”ни хукм даражасига чиқишига баъзи олимлар икки оятни далил қилишган. Улардан бири  “Аъроф” сурасининг 199-ояти:

وَأْمُرْ بِالْعُرْف

…..яхшиликка буюринг,!…

        “Урф”  сўзини муфассирлар қўйидагича  маъно беришган:       “Киши уни яхши амал деб билиб, шариат қайтармаган нарсага айтилади”.

      Яна бошқа маъноси: “Ақл унга рози бўлиб, кўнгил ундан таскин топган барча яхши хислатга “ урф”,  дейилади.

Урфдан барча усулчилар  “Урф – шаръий хукмлардан биридир” деган қоида олиб, хукм чиқарганлар. Шунга эътибор қилиш керакки, ҳар қандай урф-одатлардан ҳукм олинмаган. Балки, қайси бир урф-одат  Қуръон, суннат, саҳобаи киромлар сўзларига  зид келмаса ва фитна туғдирмасагина олинган.

Шариъатимизда  урфнинг шаръий хукм бўла олишга очиқ-ойдин далиллардан бири  Ибн Масъуд (ра)ни: “Мусулмонлар  яхши деб билган нарса (шариъат жиҳатидан ҳам) яхши саналгандир”, деган сўзларидир.

Бундан ташқари ҳанафий мазҳабининг халқчиллиги, ибодатларда мусулмонларга енгиллик исташи ва ҳар нарсада  кенг назар солиши ҳам бордир. Шу сабабдан ҳам бошқа мазҳаблар  баъзи ибодатларини  Ҳанафий мазҳаби асосида адо қилишлари бунга ёрқин мисол бўла олади.  Бундан ташқари уламоларимиз томонидан ҳанафий мазҳабини кенг тарқалишида бош омиллар дея қуйидагилар ҳам санаб ўтилган:

  • Абу Ҳанифа (р.а)ни шогирдлари кўплиги (882та) ва улар устозларига кўп ҳукмларда мувофиқ келганлари.
  • Шогирдлари ҳар бир ҳукмни  далил ва сабабларини баён қилганликлари.
  • Туркий султонларнинг ҳукм чиқаришда асосий дастуруламал қилиб ҳанафий мазҳабини ихтиёр этганликлари
  • Диёримиздан  етишиб чиққан олимлар ҳанафий мазҳабида ижод қилганликлари.

Туҳматнинг барбод бўлиши.

Барча уламоларга нисбатан одамлар томонидан ғаразли ишлар амалга оширилган. Лекин Аллоҳ таоло уламоларни ҳам, уларнинг номларини ҳам Ўзи муҳофаза қилгани сабаб улар ҳар доим омондадирлар.  Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳаётида бўлиб ўтган қуйидаги воқеа ҳам сўзимизга ёрқин мисол бўла олади.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳни кўра олмайдиган кимсалар ўша даврда ҳам турли хил бўҳтонларни тарқатиб юрар эдилар. У зот борасида тарқалган бўҳтонлар ўша замоннинг пешвоси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриёдларидан бўлган Имом Муҳаммад ал-Боқирга етиб борди.  Бир куни Имом Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолдилар.  Муҳаммад ал-Боқир  роҳимаҳуллоҳ  Имом Абу Ҳанифага  қарата:

  • Бобомнинг дини ва ҳадисларини қиёс билан ўзгартирётган киши сенмисан, – дедилар.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унга қарата:

  • Аллоҳ сақласин,- дедилар.

Муҳаммад ал-Боқир сўзида қаттиқ туриб, изоҳ беришини сўрадилар. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унга қараб: “Мақомингизга  мувофиқ ўринда ўтиринг токи мен ҳам ўз ўрнимда ўтирайин” деди.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ у кишига  қарата :

  • Мен учта сўз ҳақида сиздан сўрайман,  менга жавоб беринг: “Эркак заифми ёки аёлми?, – дедилар.

Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ: Аёл.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: Аёлнинг  (меросда) улуши  қанча?

Муҳаммад ал-Боқир: Эркак икки хисса олади, аёл бир хисса.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен  динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди, эркакка бир ҳисса ва аёлга заифроқ бўлгани учун икки ҳисса бериш керак”,  дер эдим.

Сўнгра  сўради: “Намоз афзалми ёки рўзами?”

Муҳаммад ал-Боқир: “Намоз!”

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен  динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди,  қиёсга мувофиқ аёл киши хайздан покланганидан кейин намозни қазосини ўқисин, рўзасини тутмасин”, дердим.

Сўнгра  сўради: “Бавл нажасроқми ёки нутфами?”

Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳ: “Бавл нажасроқ”, деб жавоб берди.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Бу бобонгизнинг сўзлари, агар мен  динни ўзгартирмоқчи бўлганимда эди, бавл сабабли ғусл,  нутфа сабабли таҳорат қилишни хукм қилган бўлар эдим. Бироқ мен динни қиёсга айлантиришдан  Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деди. Шундан сўнг Муҳаммад  ал-Боқир Абу Ҳанифа (р.а)га  хурмат ва эҳтиром кўрсатдилар.

Ушбу воқеадаги Имом Муҳаммад ал-Боқир роҳимаҳуллоҳнинг тутган йўлларидан уламоларнинг иши етиб келган хабарларни аниқлаштириб, кейин хулоса қилиш экани аён бўлади.  Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг тутган йўлларидан эса ҳақ бўлган ҳолда улуғлар талаб қилса шубҳа ўрнида қолмаслик учун  изоҳ бериш, ўзини оқлаш мумкин эканлигини билиб олишимиз мумкин.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақни кўра олиш ва унга эргашиш неъматини ато этсин. Уламоларни ғийбат қилиб, уларнинг гўштини ейишдан асрасин! Зеро, уламоларнинг гўштлари заҳарлангандир…

Элёржон Ахматқулов

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

122120cookie-checkҲанафийлик мўътадил мазҳаб (2- қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: