Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”.
Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”.
Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?”
Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”.
Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Аллоҳ таолога қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади.
Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Аллоҳ таолонинг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Аллоҳ таолонинг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғиликларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради.
Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.
Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлади ва: “Аллоҳим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади.
Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Аллоҳ таолонинг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан ҳамд айтиб туради:
– Аллоҳим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;
– Аллоҳим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;
– Аллоҳим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;
– Аллоҳим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан. Агар бу амалларим учун мукофот берсанг, фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир…
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим
Ассалому алайкум, барча устоз домлаларимизни, аҳли илмларимизни Аллоҳ ўз паноҳида сақласин, Ўзи ажру савоблар берсин, Ўзи рози бўлсин, дини ислом йўлида қилаётган беғараз ишларини хайрли қилсин, омин