islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИККИНЧИ МАҚОЛА – ҚУРЪОН ЎҚИШНИ ҚАНДАЙ ЎРГАНАМИЗ?

Қуръонни устозлардан ўрганишнинг уч йўли бор:

1. Шогиртга устози кундалик дарсини ўқиб беради, сўнгра шогирд қандай эшитган бўлса, шундай қилиб устозига ўқиб беради. [1] Қуръонни ўрганишдаги энг афзал йўл мана шудир. Чунки бу услубда толиби илм ҳам устозини эшитади, ҳам талқин қилади.

2. Шогирд ўзи мустақил тайёрлаб келган дарсини устозидан ўтказиб олади холос. Бу услуб тасдиқлатиб олиш деб номланади. Устоз шогирди йўл қўйган тажвидий ёки талаффузга оид хатоларни тўғрилайди. [2]

3. Шогирд устозига ўқиб бермасдан, фақат эшитиб юради. Бу пухта ўрганишда кам фойда берадиган услубдир. Боиси, Қуръон ўрганувчи устозининг тўғри қироатини эшитиб юради-ю, аммо ўзи қироат қилишни истаганда устоздан эшитганидек тўғри ўқий олмайди. Чунки киши ўзининг тўғри ёки нотўғри ўқиётганини аниқ билмайди. Унга тўғри ёки хато ўқиганини айтиб турадиган тажвидда маҳоратли устоз керак бўлади. [3]

Шайх Муҳаммад Маккий Наср ўзларининг «Ниҳаятул-қовлил муфийд» китобларида айтадилар: «Масобиҳ» китобида зикр қилинадики, қорилар ўртасида шундай одат бор эди: Аввал устоз шогирди эшитсин устун ўқиб беради, сўнгра шогирт ўқиб беради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Албатта Аллоҳ менинг сизга Қуръон ўқиб беришимни буюрди» дедилар”. [4]

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Убай розияллоҳу анҳуга ўқиб беришларидан мурод унга Қуръонни ўргатишлари ва иршод қилишлари эди. Убай ибн Каъб қори саҳобаларнинг биринчиси ҳамда худди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амийнул-ваҳй бўлган Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилиб олганларидее қилиб Набий алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилиб олишда энг истеъдодлиси эдилар. Шу сабабдан ҳам у киши Қуръон ила хосланганлар”. Иқтибос тугади.

Бирор янги ишга киришганда қийналиш ва бироз машаққат чекиш инсоннинг табиатига хосдир. Секин-аста кишининг тайёргарлиги ва маҳорати ошиб бораверади, сўнгида бу иш енгиллашиб қолади. Қуръонни ўргана бошлаганда ҳам кишида мана шундай ҳолат бўлади. Бошида у ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш ва тажвид қоидаларига риоя қилишда қийинчиликларга йўлиқади. Агар киши ўрганишда бардавом бўлса, қисқа муддатдан сўнг бу иш унга осон бўлиб қолади, Қуръонни тажвид билан тиловат қила бошлайди ҳамда Қуръон тиловатида моҳир бўлганларнинг йўлларига тушиб олади.

Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқийдиган ва қийналиб қироит қиладиган киши учун икки ажр бордир». [5] Бошқа бир ривоятда: «У қироатда қийналувчи бўлса» деб келган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқувчиларни икки қисмга ажратдилар:
1. Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган киши – уни Набий алайҳиссалом улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга зикр қилдилар. Бу эса олий даража, юксак мақом бўлиб, бунга эришган киши бахтли кишидир.
2. Қуръонни тутилиб ўқийдиган ва араб бўлмагани ёки ўрганишни энди бошлагани туфайли талаффуз қилишда қийналадиган, ўзида машаққат сезадиган киши.

Ўз тиллари араб тили бўлмаса-да Қуръони каримни жон-диллари ила пухта ёд олган, уни тўғри тиловат қилган ва моҳир қорилар даражасига эришган кишиларни кўп кўрамиз, ҳатто шундоқ ҳолларида ҳам араб тилида сўзлаша олмайдилар.

Улар бу даражага қандай эришишган? – Ўрганишдаги сабр, интилувчанлик ва давомийлик ила, токи тиллари ўрганиб кетгунича, талаффузлари равон бўлгунича, тиллари соф арабий бўлиб кетгунича ўз устида ишлаш билан. Бу Қуръони каримнинг мўъжизаларидандир!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг динига оид ҳар бир ишда, айниқса Қуръони карим тиловатида олийҳиммат бўлишини истаганлари учун ҳам ҳадисни Қуръон тиловатидаги энг афзал ҳолат – унда маҳоратли бўлиш ҳақида бошладилар, токи Қуръон ўрганишни энди бошлаган кишилар моҳир қориларга ҳавас қилсин. Агар қийналса ва тиловат қилиш унга оғир бўлса, моҳирлик даражасига етгунича сабр қилсин. [6]

Моҳирлик ҳам аввалига тутилиб ўқиш ва машаққатдан кейин бўлади. Бирор бир киши қийинчилик ва тажрибасизлик кўчасидан юрмай туриб моҳирликка етишмаган. Аммо сабр қилган ва машаққатларни бўйнига олган киши Аллоҳ таолонинг тавфиқи ила моҳирлар даражасига эришади. Зеро, Аллоҳ таоло гўзал амал қилганларнинг ажрини зое қилмас!

Давоми бор…

Йўлдошбек Нуриддинов, Робияхон Нажмиддинова (Саййид Лошин Абул-Фараҳнинг «Дуруусун муҳимма фий шарҳи дақоиқил-муҳкама» китобидан эркин таржима)

1. Ушбу услубни “устоз-шогирд усули” деб ҳам аташади, бу айниқса, Қуръони каримни энди ўрганишни бошлаганлар учун жуда фойдали бўлади.

2. “Тасдиқлатиб олиш” услуби олий маъҳад (Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти)да ҳамда юртимизда фаолият юритаётган мадрасаларда қўлланилади.

3. Айтилганидек, учинчи услуб аксар қироат устозлари тарафидан тавсия этилмайди. Чунки унда шогирд устозига ўқиб бермайди, балки, фақат эшитиш билан кифояланади. Бу эса ўз-ўзидан, ёдлашда ва тажвидда кўплаб хато қилишга сабаб бўлади.

Шу ўринда, учинчи услубда Қуръон ўрганаётган толибларга ҳозирги замон шароитларидан келиб чиқиб баъзи тавсияларни бериш мумкин:
– Фақат ўзингиз ўқиб фойдаланадиган шахсий мусҳафингиз (Китобингиз) бўлсин;
– Устозингиз сизга қироат қилиб бераётганда (албатта устоздан изн сўраган ҳолда) қироатларини овозли ёки видеотасмага ёзиб олинг;
– Ёдлашга киришишдан олдин, ўзингиз мусҳафга (Қуръони карим китобингизга) диққатбилан қараб турган ҳолда устозингизнинг қироатини камида ўн-ўн беш марта эшитинг;
– Берилган вазифани ёдлаб бўлганингиздан сўнг яна ўзингиз мусҳафга қараб туриб, устозингизнинг қироатини такроран яхшилаб эшитиб олинг, хато билан ёдланган сўзларни қалам билан белгилаб олинг (бу сизга Қуръон оятларини бехато ёдлашда ёрдам беради).

4. Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган.

5. Муттафақун алайҳ.

6.Ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш учун ҳам тавсиялар мавжуд:
– Узтозингиз тажвидда моҳир киши бўлсалар, у кишининг ўзларининг қироатларини, йўқса устозлар тавсия қилган тажвидда маҳоратли бирор бир қорининг қироатларини диққат билан қайта-қайта эшитинг;
– Кейин ўзингиз ҳарфларни тўғри талаффуз қилишга ҳаракат қилиб ўттизтадан элликтагача атрофита такрорланг;
– Кейин қироатингизни овозли ёки видеотасмага ёзиб олиб эшитинг ва устозингизнинг қироати билан солиштириб кўринг. Агар у кишиникидек талаффуз қилаётган бўлсангиз, алҳамдулиллаҳ! Агар талаффузингиз у кишиникидек бўлмаса, у ҳолда тўлиқ ўхшамагунича жараённи қайтадан такрорлаш керак.

129640cookie-checkИККИНЧИ МАҚОЛА – ҚУРЪОН ЎҚИШНИ ҚАНДАЙ ЎРГАНАМИЗ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: