Рамазон туҳфаси: 3-мақола
Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловату саломлар бўлсин.
Азиз биродарлар! Рамазон ойининг ҳар кечасида Аллоҳ таоло бандаларини жаҳаннамдан озод қилиши ҳақида эшитганмисиз?! Бугунги сиз азизларга етказмақчи бўлган ҳадис шариф шу ҳақда бўлади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: سَمِعتُ رسولَ الله صلّى الله عليه وسلّم يقول: “إذا كان أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ: صُفِّدَتِ الشَّيَاطِينُ ومَرَدَةُ الِجنِّ، وغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النِّيرَانِ فلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ، وفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فلم يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ، ويُنَادِي مُنَادٍ: يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ، وَيَا بَاغِيَ الْشَرِّ أَقْصِرْ ولِلّهِ عُتَقَاءُ مِنَ النَّارِ، وذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ”. رواه الترمذي وابن ماجه.
وفي رواية البيهقي: “هل مِنْ مُسْتَغْفِرٍ نَغْفِرُ لَهُ، هَلْ مِنْ تَائِبٍ نَتُوْبُ إِلَيْهِ، هَلْ مِنْ دَاعٍ نَسْتَجِيْبُ لَهُ، هَلْ مِنْ سَائِلٍ نُعْطِي سُؤْلَهُ، وَلِلّهِ عز وجل عِنْدَ كُلِّ فِطْرٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ كُلَّ لَيْلَةٍ عُتَقَاءُ مِنَ النَّارِ سِتُّونَ أَلْفًا، فَإِذَا كَانَ يَوْمَ الفِطْرِ أَعْتَقَ مِثْلَ مَا أَعْتَقَ فِي جَمِيعِ الشَّهْرِ ثَلَاثِينَ مَرَّةً، سِتِّينَ أَلْفًا، سِتِّينَ أَلْفًا”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Рамазон ойининг биринчи кечасида: шайтонлар ва жинларнинг ҳаддан ошганлари кишанланади. Жаҳаннам эшиклари беркилади. Унинг бирор эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари эса очилади. Унинг бирор эшиги беркилмайди. Шунда бир жарчи: “Эй яхшилик истовчи, келгин! Эй ёмонлик истовчи, тўхтатгин”, деб нидо қилади. Рамазон ойининг ҳар кечаси Аллоҳ таоло бандаларини жаҳаннамдан озод қилади”. Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари.
Ушбу ҳадиснинг Имом Байҳақий қилган ривоятида: “Шунда бир жарчи: “Истиғфор айтгувчи борми? Мағфират қиламиз. Тавба қилгувчи борми? Тавбасини қабул қиламиз. Дуо қилгувчи борми? Дуосини ижобат қиламиз. Сўровчи борми? Сўраганини берамиз”, деб нидо қилади. Рамазон ойи кечаси ҳар ифторлик пайтида Аллоҳ таоло олтмиш минг бандасини жаҳаннамдан озод қилади. Рамазон ҳайити куни Аллоҳ таоло бир ой Рамазонда озод қилган бандалари ададича ўша куни бандаларини жаҳаннамдан озод қилади”, деб келади. Имом Байҳақий ривояти.
Ҳадис шарифдан олинадиган фойдалар:
– Рамазон ойи бошқа ойлардан бир неча хусусиятлари билан ажралиб туради;
– Рамазон ойида шайтон ва жинлар одам боласини адаштиришдан ҳибс қилинади;
– Рамазон ойида Фаришталар мусулмонларни Аллоҳга юзланиш ва У зотга қурбат ҳосил қилиш учун ушбу ойни ғанимат билишга чақиради;
– Рамазон ойи давомида жаннат эшиклари очиқ бўлади. Бу – мусулмонлар учун қулай фурсатдир.
– Рамазон ойи давомида дўзах эшиклари ёпиқ бўлади. Дўзахдан қутулиш учун Рамазон ойи қулай фурсатдир.
– Рамазон ойи ҳар кечаси Аллоҳ азза ва жалла бандаларига юзланади: Сўраганга сўраганини беради; дуо қилганни дуосини ижобат қилади; тавба қилганни тавбасини қабул қилади; истиғфор айтганни мағфират қилади;
– Рамазон ойининг ҳар кечаси Аллоҳ таоло мусулмон бандаларидан олтмиш мингини жаҳаннамдан озод қилади.
– Рамазон ҳайити келганида, ўша куни Аллоҳ таоло бир ой давомида озод қилган бандалари ададича жаннамдан озод қилади. Банда учун бундан ортиқ саодат борми?! Рамазон тугаганида, унинг номи жаҳаннамдан озод бўлганлар қаторида бўлади.
Аллоҳим! Бизларни Рамазон ойини ғанимат билиб, Сенга яқин бўладиган ҳамда Рамазон ойи тугаганида жаҳаннамдан озод бўладиган бандаларинг қаторида қилгин! Амин. Я Роббал аъламийн!