islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рамазонда гуноҳлар кечирилади

Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Азиз мусулмон биродарим! Холис ният билан тутилган Рамазон рўзаси банданинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлиши ҳақида эшитганмисиз?! Рамазон ойида кечаларни қоим қилиш банданинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлиши ҳақидачи? Бугунги ҳадис шариф бизга шу ҳақда хабар беради.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: “من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه”. رواه البخاري ومسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон билан ва ихлос билан тутса, унинг олдин қилган гуноҳи мағфират қилинади”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа бир ривоятда:

وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: “من قام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه”. رواه البخاري ومسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким Рамазон ойида иймон билан ва ихлос билан кечасини қоим қилса, унинг олдин қилган гуноҳи мағфират қилинади”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу икки ҳадис шариф банданинг илгари қилган гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўладиган солиҳ амаллар ҳақида маълум қилмоқда. Бу амаллар: Рамазон рўзасини тутиш ва Рамазон ойида кечасини қоим қилишдир.

Рамазон ойи кечаларини коим қилиш – таровеҳ намозини ўқиш билан бўлади. Таровеҳ намози ва унинг фазли ҳақида кейинги суҳбатларимизда батафсил тўхталамиз, ин шаа Аллоҳ.

Ҳадис шарифга эътибор берган бўлсангиз, гуноҳлар мағфират қилиниши учун иймон ва ихлос шарт қилинмоқда. Бу ерда иймон маъноси – Рамазон рўзаси фарзлигини ҳамда Рамазон ойи кечасини қоим қилиш суннатлигини тасдиқлашдир. Ихлос маъноси эса, банда чин дилдан тутган рўзаси билан Аллоҳ таолонинг розилигини исташи ва савобидан умидвор бўлиши назарда тутилмоқда.

Демак, банданинг тутган рўзалари ва қоим қилган кечалари унинг гуноҳига мағфират бўлиши учун иймон ва ихлос шарт ва зарур экан. Шу билан бирга, ҳадис шарифда ирода қилинган гуноҳ деб, бандадан содир бўлган сағира гуноҳлар назарда тутилмоқда. Зеро, гуноҳ кабиралар чин тавба-тазарруъ ила кечирилади.

Аллоҳ таоло барчамизни юқоридаги ҳадисларга амал қилишга, натижада бандалик билан содир қилган хато-камчиликларимиз мағфират қилинишига Ўзи муваффақ ва муяссар қилсин! Амин, Я Роббал аъламийн!

“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси
ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов

137740cookie-checkРамазонда гуноҳлар кечирилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: