Лондонда коронавируснинг кўпайиши авж паллага чиққанда азонга рухсат берилди ва “Аллоҳу акбар” садолари биринчи марта кучайтиргичлардан янгради.
Лондон тарихида биринчи маротаба барча масжидларда муаззин ва имомлар овоз кучайтиргичлар орқали азон ва маъруза қилишга рухсат берилди. Бирлашган Қироллик пойтахтида амалга оширилган бу ажойиб ҳаракат мусулмонларга ижобий таъсир кўрсатди.
Лондоннинг маҳаллий мусулмонлари бу ўзгаришлардан мамнун. Кўчаларни кесиб ўтаётганда кўплаб мусулмонлар азонни ҳурмати юзасида тўхтаб туришмоқда. Бир неча кун олдин, BBC ахборот агентлиги Британия бўйлаб азонни радио орқали узатди.
Шундай қилиб, Британия мусулмонлари мунтазам равишда жума намозига бўлган чақириқларни BBC радиоси орқали эшитишлари мумкин.
Ўтган ойда Голландия ва Германияда ҳам азон биринчи марта овоз кучайтиргичлар ёрдамида эшиттирилган эди. Ҳукуматлар ушбу ҳаракат орқали пандемия шароитида бутун дунё мусулмонларини бирдамликка чақиришни истамоқдалар, дейилади ОАВ тарқатган хабарларда.