1 июндан бошлаб Саудия Aрабистони аҳоли учун ажратилаётган ижтимоий ёрдам бўйича тўловларни тўхтатади. Шунинг баробарида 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи уч бараварга, яъни беш фоиздан ўн беш фоизгача кўтарилади. Бу ҳақда давлат ахборот агентлигига таяниб Рейтерс хабар бермоқда.
Мамлакат молия вазири Муҳаммад Жадааннинг сўзларига кўра, бундай чораларни қўллаш биз учун қийин, аммо қилишмиз зарур бўлган ишлардан ҳисобланади, чунки мамлакат харажатлари даромаддан ошиб кетган. Биринчи чоракда бюджет тақчиллиги тўққиз миллиард долларни ташкил этди. Вазирнинг таъкидлашича, дунёда нефт нархининг тушиб кетишидан ташқари иқтисодий фаолиятнинг пасайиши ҳам даромадларга таъсир кўрсатди. Ҳаражатлар соғлиқни сақлаш секторига режадан ташқари маблағ ажратиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳисобига ошди.
Коронавирус пандемияси даврида дунёдаги энг йирик неъфт экспорт қилувчи Саудия мамлакатининг иқтисодиётига ёқилғи маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайиши ва глобал инқироз таъсир кўрсатди. Сўнгги маълумотларга кўра, Саудия Aрабистонида 37 мингдан ортиқ киши коронавирус билан касалланган, 239 киши вафот етган.
Таъкидлаш жоизки, ҚҚСни 15 фоизга кўтариш натижасида хизмат кўрсатиш – меҳмонхона, транспорт, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда нархнинг ўсишига олиб келиши кутилмоқда. Бу эса Ҳаж ва умра ҳаражатларига ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин.