islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (биринчи мақола)

Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади.

Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло олдиндан белгилаб қўйган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир:

“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сураси, 32-оят).

Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган:

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир.

Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан, нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган:

“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз” (Бақара сураси, 168-оят).

Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

140310cookie-checkДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – РИЗҚ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ (биринчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: