Болажонлар, бугундан бошлаб, ҳаммамиз биргалашиб, пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг ҳаётидан қизиқ ва ибратли қиссаларни ўқиймиз. Чунки уларнинг сўзлари ва қилган ишларини ўрганиб, юриш-туришимизда, гаплашимизда уларга эргашсак, иншааллоҳ, икки дунёда ҳам бахтли бўламиз. Қани, болажонлар, бисмиллаҳ деб қиссаларни ўрганишни бошладик.
Биринчи бўлиб барча инсонларнинг отаси – Одам исмли пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръони каримдаги қиссасини ўқиб ўрганамиз. Ҳа, айтганча, қайси бир пайғамбарнинг номи тилга олинса, албатта, ҳар биримиз “алайҳиссалом“ деб ўша пайғамбарга салом беришимиз керак бўлади. Буни унутманг.
Демак, ҳозир Одам алайҳиссалом ҳақидаги қиссани ўқиймиз.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло фаришталарига лойдан бир инсонни, яъни барчамизнинг отамиз Одам алайҳиссаломни яратиб, уни ер юзида Аллоҳ таолонинг ҳукмини юритувчи -халифа қилишини айтибди. Шунда улар: “…Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз“, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга «Мен сизлар билмайдиган нарсани биламан» (Бақара сураси, 30-оят) – деди.
Шундай қилиб Аллоҳ таоло Одамни жума куни яратди ва унга руҳ, яъни жон киритибди. Кейин Аллоҳ Одамга барча яратилган ва энди яратиладиган нарсалар номларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини Менга айтиб берингчи», – деди., Табиийки ҳамма нарсанинг номини айтиб беришдан ожиз қолган Фаришталар: «Ўзинг поксан! Бизда сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан» (Бақара сураси, 31-32-оятлар) – дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло Одамга фаришталар айтиб бера олмаган нарсаларнинг номларини бирма-бир айтиб беришни буюрибди. Одам ўзига кўрсатилган барча нарсанинг номини фаришталарга айтиб берибди. Сўнг Аллоҳ таоло фаришталарга Одамни эъзозлаш ҳамда уни яратган Аллоҳ таолонинг қудратини улуғлаш учун Одамга сажда қилишни буюрибди. Барча фаришталар буйруққа бўйсуниб, Одам алайҳиссаломга сажда қилибдилар.
(Давоми бор)