Закот ва садақа
Исломда инсонларга нафақат жисмоний, балки молиявий ибодатларни бажариш ҳам буюрилган. Шулардан бири исломнинг асосий рукнларидан бири бўлган закотдир. Закот ёрдамида жамиятдаги мол-мулк фақат бойларнинг қўлида тўпланиб қолмайди, муҳтожларга закот кўринишида ёрдам берилади. Закот ҳар бир балоғатга етган, ақли жойида бўлган ва бойлиги белгиланган миқдорга (нисоб) етган эркак ва аёлга фарз қилинган. Кишининг бойлиги белгиланган миқдорга етмагани уни молиявий ибодатлардан чеклаб қўймайди. Закот бериш фарз бўлмаган одам ҳам садақа бериш орқали савобга эга бўла олади. Масалан, бойлиги закот бериши керак бўлган даражага етмаган, лекин ўзига тўқ бўлган кишилар ихтиёрий кўринишда садақа бериб савоб олишлари мумкин.
Закот ва садақа ижтимоий-иқтисодий томондан ҳам жамиятга фойда келтиради. Биринчи ўринда закот ва садақа қилиниши ортидан жамиятдаги мол-мулкнинг бир табақа қўлида қолиб кетишининг олди олинади, яъни ўта бой ва ўта камбағал табақалар юзага келишига қарши восита бўла олади. Бундан ташқари, закот олишга ҳақли бўлган тоифадаги одамлар айни кам таъминланганлар, камбағалларга тўғри келади. Тавба сурасининг 60-оятида айнан кимлар закот олишга ҳақли эканлари айтиб ўтилган. “Aлбатта , садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Aллоҳнинг йўлига ва йўл ўғилларига (сафарда қийналиб қолганларга) берилиши Aллоҳ томонидан фарз қилингандир. Aллоҳ билувгувчи ва ҳикматли зотдир”. Мақола аввалида келтирилган, кунига 1.90 долларга кун кечирувчиларни оятда айтилган фақир ва мискин тоифаларига киритиш мумкин, албатта. Юқорироқда айтиб ўтилган кам таъминланганларнинг таълим билан боғлиқ муаммоларига ҳам закот кўринишида ёрдам бериш, ўқиш тўловларини тўлаб бериш мумкин. Натижада кишилар бирон мутахассисликни ўрганиб чиқиб, мустақил ишлай оладиган бўлади ва бу жамиятдаги ишсизлик даражасининг тушишига олиб келади. Ҳамманинг ҳам тақдирида бой бўлиш ёзилмаганини ҳисобга олсак, исломий молиявий ибодатлар ёрдамида аҳоли ичидаги бойларгина эмас, балки кам таъминланганлар, муҳтожлар ҳам ўз ҳаётини яхшилаб олиши имконияти туғилади.
Вақф
Вақф сўзига “Вақф” хайрия жамоат фонди сайтида қуйидагича таъриф берилган:
“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. “Вақф – нарсани Aллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Aллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Нақд пул, кўчмас мулк, ер, бино, станоклар, акциялар ёки бошқа мулк бўла оладиган нарсаларни вақф қилиш мумкин . Киши ўзи мустақил ҳолда ўз мулкини вақфга айлантириши ёки бу ишни бир неча киши бирлашиб ҳам қилиши мумкин. Вақф қилинган мулкни шаффоф тарзда самарадор бошқариб туриш талаб қилинади.
Ислом тарихига қарайдиган бўлсак, вақф мулки турли соҳаларга ўз фойдасини бера олган. Вақф мулкига масжид-мадрасалар, таълим масканлари, шифохоналар, муҳтожлар учун уйлар, кутубхоналар ва жамиятга фойда келтирувчи бошқа жойлар қурилган. Бу жойларнинг ижтимоий ўсиш даражасини оширишдаги улуши катта бўлган.
Ҳозирги кунда ҳам дунёдаги камбағаллик даражасини камайтириш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топишда вақф мулкларидан фойдаланиш мумкин. Масалан, таълим масканлари, соғлиқни сақлаш марказлари, чекка ҳудудлардаги аҳоли учун қудуқлар қазиш, шу ҳудудлардаги юқумли касалликлар олдини олиш учун сув тозалаш техникаларини ишга тушириш ва бошқалар.
Ҳозирда камбағаллик ва у каби ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг таъсирини камайтириш учун турли халқаро жамиятлар иш олиб бормоқда. Раптим.орг сайтида берилган маълумотга кўра бундай жамиятлар сони 40 дан ортиқ ва улар дунёнинг турли қисмларида фаолият олиб боришади. Уларнинг ичида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТ ТД) алоҳида эътиборга лойиқ. БМТ ТД ташаббуси билан дунё бўйича ҳамма учун барқарор келажак тузиш йўлида лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳа номи Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) бўлиб, унга кўра 2030-йилга қадар дунё миқёсида 17 та мақсадга эришишни режа қилинган. Бу мақсадларга камбағаллик, ишсизлик ва очликни камайтириш, табиатни асраш, сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини йўлга қўйиш кабилар киради . Ислом Тараққиёт Банки берган маълумотларга кўра дунё миқёсида таҳминан 230-560 миллиард доллар пул закот учун ажратилади ва Улрика Модеернинг айтишича бу маблағ юқорида айтилган мақсадларга эришишда салмоқли ёрдам бериши мумкин. Масалан, БМТ ТДнинг Индонезиядаги бўлими Индонезия миллий закот йиғиш агентлиги билан ҳамкорликда закот пулларига қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа Жамби провинсиясидаги деярли 5000 киши учун ёрдам бўлмоқда. Яна бир мисол – табиий офатлардан жабр кўрганлар учун ёрдамни ташкил қилишда БМТ ТД Индонезиянинг миллий закот йиғиш агентлиги билан ҳам ҳамкорлик қилган. Малайзиядаги камбағалликни камайтириш ва барқарор энергия манбаларини йўлга қўйиш учун ҲСБC банкининг Малайзиядаги бўлими 120 миллион долларлик фоизсиз исломий қарз ажратган.
Исломий молия тизими мижозлари сони ортиб бормоқда. Британиядаги энг йирик исломий молия муассасаси Aл Раян Банк унинг мусулмон бўлмаган мижозлари сони ошаётганини айтмоқда. 2010-йилда ҳар 8 мижоздан биттаси номусулмон бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич ҳар 3 кишидан бирига тўғри келяпти. Исломий молия тизимининг фойдаланувчилари сони ортишининг ўзи бу тизимнинг самарадорлигини ўлчашда етарли бўлмаслиги мумкин. Исломий ижтимоий молиянинг тўлиқ потенсиалини ўрганиш учун одатдаги тадқиқот марказлари етарли бўлмайди, дейди Нур Банки директори Ҳусайн ал-Қезми. У исломий ижтимоий молиянинг қай даражада самарадорлигини ўрганиш учун тадқиқот марказлари ўрнига лабораториялар ташкил қилиниши, у ерга иқтисодчи, ҳуқуқшунос ва олимлар йиғилгани ҳолда бу молия турининг инфратузилмаларга қай йўл билан бириктирилишини тажриба асосида ўрганилишини тавсия қилмоқда. Бу жараён давомида жамиятдаги ҳолатни яхшилаш учун нафақат назарий, балки амалий ёрдам бериш ҳам мумкин бўлади.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мурод Умархўжаев