islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – КУФР СЎЗИНИНГ ҚУРЪОН ВА СУННАТДА КЕЛГАН МАЪНОЛАРИ (учинчи мақола)

3. Ношукрлик қилиш маъносида:

عَنْ جَابِرٍ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « مَنْ أُعْطِىَ عَطَاءً فَوَجَدَ فَلْيَجْزِ بِهِ وَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُثْنِ فَإِنَّ مَنْ أَثْنَى فَقَدْ شَكَرَ وَمَنْ كَتَمَ فَقَدْ كَفَرَ». رَوَاهُ التِرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга бирор совға берилса имкони бўлса уни ҳам (совға билан) тақдирласин, кимнинг имкони бўлмаса раҳмат айтиб дуо қилсин. Албатта ким раҳмат айтиб дуо қилган бўлса уни тақдирлаган бўлади. Кимки бекитса (раҳмат айтиб дуо қилмаса) (ушбу неъматга) куфр келтирган (ношукрлик қилган бўлади)…” дедилар”. Теримизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдаги كَفَرَ (куфр келтирган бўлса) сўзи “ношукрлик қилган бўлса” маъносида келган.

4. Шариатда ман қилинган ишдан қаттиқ қайтариш маъносида:

عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَيْدَةَ أَنَّ ابْنَ عُمَرَ سَمِعَ رَجُلاً يَقُولُ لاَ وَالْكَعْبَةِ. فَقَالَ ابْنُ عُمَرَ لاَ يُحْلَفُ بِغَيْرِ اللَّهِ فَإِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ أَوْ أَشْرَكَ». رَوَاهُ التِرْمِذِيُّ.

Саъд ибн Убодадан ривоят қилинади: “Ибн Умар бир кишининг “Каъбага қасамки йўқ”, деганини эшитиб қолиб унга: “Аллоҳдан ўзга билан қасам ичилмайди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳдан ўзга билан қасам ичса албатта кофир бўлибди (катта гуноҳ қилибди) ёки (у зотнинг) ширк келтирибди (улкан гуноҳ қилибди)”, деяётганларини эшитганман”, деди”. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдаги كَفَرَ (кофир бўлибди) сўзи шариатда ман қилинган ишдан қаттиқ қайтариш маъносида келган.

Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда ҳам куфр сўзи бир-биридан фарқли маъноларда келган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа уламолари доимо “такфир” (мусулмонни кофирга чиқариш) масаласида ўта эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб келганлар. Жумладан, мотуридия мазҳабининг мўътабар уламоларидан бири бўлган Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу китаб ала алфози куфр” китобида қуйидагиларни ёзган:

“Баъзи адашган фирқалар кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, Ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал-жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

142240cookie-checkДИНИМИЗ АҲКОМЛАРИ – КУФР СЎЗИНИНГ ҚУРЪОН ВА СУННАТДА КЕЛГАН МАЪНОЛАРИ (учинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: