Дарс Қуръони Карийм ва ҳадийслардан ўтилганларни текшириш ила бошланди.
Сўнгра ота: Бугун суюкли фарзандларим масжид сўровномасини охирига етказиб қўямиз.
Олтинчи савол: Жаннат башорати берилган ўн киши кимлар?
Жавоб: Жаннат башорати берилганлар:
Абу Бакр Сиддийқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саийд ибн Зайд, Абу Убайда Жарроҳ.
Еттинчи савол: Ер юзида биринчи бўлиб қурилган масжид қайси?
Жавоб: Масжидул Ҳаромдир.
Саккизинчи савол: Қуръонда зикр қилинган қушлар қайсилар?
Жавоб: Ҳудҳуд, Қарға, Абобил қушлари.
Тўққизинчи савол: Қуръонда зикр қилинган ҳашаротлар қайсилар?
Жавоб: чивин, асалари, ўргимчак, чумоли, пашша.
Мана савол-жавоблар ҳам тугади.
Фотима: Бу ажойиб гўзал мусобақа экан, унда қимматли маълумотлар бор экан.
Ота: Бугун сизлар билан “Изн сўраш одоблари”ни ўрганамиз.
1) Ҳеч кимни олдига изн сўрамасдан кирмаслик;
2) Эшикни оҳисталик ила тақиллатиш. Учта тақиллатишдан оширмаслик;
3) “Ким келди?” деб сўралганда “Мен” демаслик, балки исмини айтишлик;
4) Киришга рухсат берилганда кириш ва салом бериш ва кўзни қуйи тутиш;
5) Ота-онанинг хоналарига қуйидаги уч вақтда изнсиз кирмаслик: 1-Бомдод намозидан олдин, 2- Айни пешин вақтида, 3- Хуфтон намозидан сўнг.
Бу изн сўрашнинг баъзи одоблари.
Холид: Отажон! Дўстим Усмон бугун ўйнаётганимизда менга тегажонлик қилди, кейин бирдан қаттиқ уриб, мени йиқитди. Жуда ғазабландим ва мен ҳам уни урдим.
Ота: Дўстингни уриб хато иш қилибсан.
Холид: Қаттиқ ғазабланган эдим, нима қилсам бўларди?
Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши нимадандир ғазабланди ҳатто юзлари қизариб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мен бир калимани биламан, агар уни бу одам айтса ўзидаги нарсаси (ғазаби) кетади. Бу калима:
أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيْمِ
Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”, дедилар.
(Имом Бухорий ривояти)
Ғазабланганда шу калимани айтсанг Аллоҳ хоҳласа ғазабинг кетади.
Холид: Аллоҳ сизни яхшилик ила мукофотласин отажон, шундай қиламан.
Ота: Энди эса Аллоҳнинг тўқсон тўққизта гўзал исмларининг охиргиларини ўрганамиз. Ҳайй, (тирик, ҳаёт бўлган Зот, Унинг тириклиги ҳаёти махлуқотларники каби эмас) Дайян, (ато қилувчи, неъматларни бериб турувчи) Мааликул мулки зул Жалаали вал Икром (Мутлоқ мулк эгаси улуғлик ва Икром Соҳиби).
Дарсимизнинг охирида Имом Бухорий муборак “Саҳиҳи Бухорий” номли китобларининг энг сўнггида келган ғоятда гўзал ва улуғ бўлган ҳадийси шарифни эшитинглар:
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Раҳмонга суюкли икки калима тилга енгилдир, мезонда оғирдир. У “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил ъазийм”.
Мана бу дарсимиз ҳам тугади. Охирида нима деймиз эй Холид?
Холид:
سُبْحَانَكَ اللهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ
“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”.
(Абу Довуд ривояти).
Манба: islom.uz