islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қурбонлик фазилати – 4

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжанинг 10 куни, қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади”, – деб марҳамат қилган эдилар (Мажолис).

Бу ҳадиси шариф юқоридаги ҳадисдан ҳам кўпроқ савоб борлигини ҳабарини бермоқда. Биз кўпроқ савобли амалларни аҳтариб уни амал қилишимиз керак. Чунки гуноҳлар атрофингизда сочилиб ётибди. Ҳар қадам гуноҳ шу сабабдан гуноҳлардан савобларимизни сақлай билайлик. Чунки Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳи – гуноҳ бир бўлгани билан юзта тоатни емириб ташлайди. Кичгина ширк бўлган риёкорлик эса барча гуноҳлардан ҳам ёмонроқдир!-деган.

Биз инсонлар баъзиларнинг озгина моддий ёрдами деб, ўзимизни анча хор қиламиз. Аллоҳнинг чексиз савоби дейилса ўзимизни ғофил қиламиз. Аслидачи кимлигимизни жуда яхши билиб олайлик. “Унвонул баёнда” келтирилади: Инсоннинг юзининг суви оғирлиги дунёнинг барча бойлигини берса ҳам арзимаслигини айтади. Яъни: инсоннинг бир марта юзининг уятдан қизаришига дунёнинг барча матоҳлари арзимаскан. Тарозига қўйса оғир келаркан. Энди биз нимага Аллоҳ Қуръоннинг кўп жойларида ҳисобсиз савобларни айтса ҳам унга бепорво бўлишимиз керак. Шуни билинг! инсонлардан сўрайдиган нарсаларингиз қанчалик қадрли бўлмасин у сизни қадрингизни туширади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ : اسْتَفْرِهُوا ضَحَايَاكُمْ ، فَإِنَّهَا مَطَايَاكُمْ عَلَى الصِّرَاطِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:
“Ёш, навқирон, бақувват жонворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул ҳабийр)

Яна бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинг, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизга уловлик вазифасини бажаради”.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” дедилар” (Сунани кубро).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг, у зот “Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” деб ҳукм қилмоқдалар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Уролназар Мустофо

166300cookie-checkҚурбонлик фазилати – 4

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: