islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳаж мавсуми бошланди | Фото-видео

Бугун, 29 июль кунидан Саудия Арабистонида Ҳаж мавсуми бошланди. Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ мусулмон ҳаж ибодатини адо этар эди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Саудия Арабистони хориждан келадиган мусулмонларнинг Ҳаж мавсумида иштирок этишини тақиқлашга мажбур бўлди. Рухсат берилган 10 минг кишидан 30 фоизи – подшоҳликнинг ўз фуқаролари бўлса, қолган 70 фоизини хориж фуқаролари – Саудия резидентлари ташкил этади.

Зиёратчилар даставвал ўз уйларида, Ҳаж бошланишидан бевосита олдин эса тўрт кун мобайнида меҳмонхоналарда карантинда сақланган, коронавирусга тест топширишган. Улар Ҳаж якунланганидан кейин ҳам бир муддат карантинда бўлишлари талаб этилади.

Беш кун давомида адо этиладиган Ҳаж ибодатларида барча иштирокчилар тўлиқ тиббий ниқобда бўлишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари шартлиги, мунтазам равишда тана ҳароратлари ўлчаб турилиши белгиланган.

«Ал-Жазира» хабарига кўра, зиёратчилардан улар қаерларда бўлганини қайд этиб борувчи, билакка тақиладиган электрон қурилмаларни тақиб юриш сўралмоқда.

Бу йил эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Каъбани 7 маротаба айланиш (тавоф) чоғида байтуллоҳни ўпиш ёки уни ушлашга уриниш тақиқланган. Шу мақсадда Каъба атрофи тўсиқ билан ўралган.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Шунингдек, Макка шаҳри яқинида, Мино водийсида шайтонга тош отиладиган жойда йиғилувчилар бир вақтнинг ўзида 50 кишидан ошмаслиги керак.

Муздалифа водийси ва Арофат тепалигида зиёратчилар ҳар 50 кв метрга 10 кишидан бўлиб жойлашишади, чодирлар орасидаги масофа 1,5 метрдан кам бўлмаслиги талаб этилади.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Зиёратчиларни олиб юрувчи автобуслар ўз сиғимининг ярмигача бўлган миқдорда одам ташиши мумкин. Озиқ-овқат ва ичимликлар фақатгина шахсий фойдаланиш учун ёпиқ идишларда берилади. Муқаддас Замзам суви учун ҳам фақат бир марталик идишлардан фойдаланилади.

Макка шаҳри ва унинг атрофларида Ҳаж мавсуми иштирокчиларига мўлжалланган кўплаб соғлиқни сақлаш пунктлари, мобиль клиникалар ва тез ёрдам машиналарини кўриш мумкин.

Зиёратчилар – ибодатни адо этиш учун ариза берган, ёши 30-50 ёш оралиғидаги, сурункали касалликлари йўқ, аввал Ҳаж ибодатини адо этмаган, коронавирусга топширган тести манфий чиққан ҳамда Ҳаждан аввал ҳам, кейин ҳам карантинда бўлишга розилик берганлар орасидан лотерея асосида танлаб олинган.

Ҳаж вазирлиги иштирокчиларни онлайн танлаб олиш жараёнида 160га яқин мамлакат фуқароси бўлган резидентлар қатнашганини маълум қилган, аммо жами қанча ариза келиб тушганини очиқламаган.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Маълумот учун, Саудия Арабистони – араб давлатлари ичида коронавирусга чалинганлар сони энг юқори мамлакатлардан бири бўлиб турибди. Подшоҳликда 270 мингдан ортиқ киши вирус юқтириб олган бўлиб, бу – дунё миқёсидаги 13-кўрсаткичдир. Қурбонлар сони 2,8 мингдан ошган, жами 228 мингдан ортиқ бемор тузалган.

Пандемия тарқалишинг олдини олиш бўйича чоралар доирасида март ойида мамлакатдаги барча масжидлар ёпилган эди. Июнь ойидан улар босқичма-босқич очила бошлади. Аввалроқ Мадина шаҳридаги Набавий масжидида ҳам ибодатларга рухсат берилган бўлса, Маккада жойлашган мусулмон оламининг бош масжиди – Масжид-ул Ҳаром Ҳаж мавсумига қадар ёпиқ қолаётган эди.

Қўшимча қилиш жоиз, Ҳаж мавсуми Саудия Арабистони давлати ғазнасига йилига 12 миллиард доллар даромад олиб келар эди. Ушбу даромаднинг йўқотилиши, шунингдек жаҳон миқёсида нефть нархи тушиб кетиши подшоҳлик бюджетига жиддий зарба бўлди.

Манба

166500cookie-checkҲаж мавсуми бошланди | Фото-видео

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: