Мен университетда ўқийман. Курсдошларимининг оралиқ ва якуний ишларини ёзиб, топшириб бераман. Уларнинг ўзлари дарсларни яхши ўзлаштира олмайди ва имтиҳонлардан ўта олмайди. Натижада курсдан курсга қолиб, ўқишдан ҳайдалишади. Мен ўша ёрдамимга пул оламан. Устозларга ҳам буни айтганмиз. Менинг шу ёрдамим учун олган пулим ҳалол бўладими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай ишлар алдов, илмга, бутун бошли халқга хиёнат ва гуноҳ ҳисобланади. Алдов орқали топилган мол ҳалол эмас. Чунки ишнинг эгаси бошқа, бажарган бошқа. Бир соҳада ўқиб, ана шу соҳани битирган талабага шу соҳанинг мутахассиси деган диплом берилади ва унга ўз соҳаси бўйича бирор иш топширилади. Имтихонларни алдов йўли билан топшириб диплом олган талаба, соҳасининг мутаҳасиси бўлмагани учун унга топширилган соҳани орқага тортади, жамиятга, инсонларга фойдадан кўра зарар етказади.
Бу ҳолатда масъул устозлар ўзларини кўрмаганга олишлари ёки рухсат беришлари ҳам катта хиёнат. Ҳар бир киши қиёматда ўзига топширилган вазифа юзасидан сўралади, у ерда эса алдов ва ёлғонлар ўтмайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
من غشّنا فلَيسَ مِنَّا. (رواه مسلم) .
“Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Сиз ҳақиқатда курсдошларингизни курсдан курсга қолиб кетмаслигини ғамини қилаётган бўлсангиз, имтихонларгача уларга ёрдам беринг, тушинмаётган мавзуларини тушинтиринг, уларни ҳам етук мутаҳасис бўлиб чиқишида ўз ёрдамингизни аяманг.
Тўғри, ҳамма ҳам компьютерда ишлашни билмайди ёки компьютери бўлмайди. Сизга тайёр маълумотларни олиб келинса, у маълумотларни таҳрир қилиб, техник хатоларини тўғрилаб берганингиз учун ёки дафтарга ёзилган маълумотларни компьютерга киргизиб берганингиз учун меҳнат ҳаққи олишингиз мумкин.
Дарҳақиқат, билимингиз сизнинг маънавий бойлигингиз. Доимо уни тўғри сарфлаб, ҳалол пул топиш ҳаракатида бўлинг. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar