islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА МУҲАББАТ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало бу муҳаббат, иймон тақозоси экани таъкидланади. Чунки у зотни яхши кўрмагунча, яхши кўрганда ҳам барча инсонлардан кўра яхши кўрмагунча киши иймон таъмини тота олмайди. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари бундай хабар берганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, у зотни таниган инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган.

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар:

  1. Фарз даражадаги муҳаббат;
  2. Фазилат даражадаги муҳаббат.

Фарз даражадаги муҳаббат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча ҳукмларни рози бўлиб, улуғлаб ва тўлиқ таслим бўлиб, қабул қилиш тушунилади. Яъни, у зот келтирган барча шаръий ҳукмларини муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади.

Фазилат даражадаги муҳаббатда эса, барча ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб яшашни яхши кўриш тушунилади. Яъни, ейиш-ичиш, кийиниш, муомала ва ҳоказо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида у зотнинг кўрсатмаларини ўрнак қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади.

Маълумки киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳнинг элчиси деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зотнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар.

“Шарҳу шифо” асарида қуйидаги ривоят келтирилган:

Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўрашганларида у зот: “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар”, дея жавоб берганлар.

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳнинг “ал-Бидая ван-Ниҳая” асарларида қуйидаги ривоят келтирилган: “Мушриклар асирга тушган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни ўлдириш учун ҳарамдан ташқарига олиб чиқдилар. Шунда Суфён ибн Ҳарб у зотдан: эй Зайд сендан Аллоҳ номи билан сўрайман ҳозир сенинг ўрнинга Муҳаммад бўлиб биз уни ўлдиришимизни , сен эса уйингда бўлиб қолишни хоҳлайсанми, деди. У зотнинг жавоблари бундай бўлди: “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Муҳаммад алайҳиссалом ҳозир ўз ўринларида бўлиб у зотга азият берадиган бир тикан қадалиши эвазига ҳам уйимда ўтирган бўлишимни истамайман”.

 Бу гапни эшитган Абу Суфён: “Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўрганларидек, бирор инсоннинг бировни яхши кўрганини учратмаганман”, деган.

Ҳа, Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай яхши кўрилишга ҳақли зотдирлар.

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва у зотни улуғлашни умумий саккиз турга ажратганлар:

  1. Муҳаммад алайҳиссаломни барча инсонлардан афзал билиш.

Яъни, ҳар бир мусулмон киши Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятнинг энг афзали, деб эътиқод қилиши лозим.

  1. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида доимо одобга риоя қилиш.

Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қилиш, деганда асосан қуйидаги кўрсатмаларни яхши кўриб бажариш тушунилади:

А) Муҳаммад алайҳиссаломга доимо салавот ва салом айтиб юриш. Қуръони каримда у зотга салавот ва салом айтишга буйруқ келган:

   إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш вожиблиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар. Салавот айтишнинг аҳамияти ҳақида у зотнинг ўзлари бундай деганлар:

   عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَىَّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг олдида мен ёдга олинганимда менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, дедилар”.  Термизий ривоят қилган.

Эътибор берадиган бўлсак, ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳакозо кўплаб ибодатларда у зотни улуғлаб салавот айтиш жорий қилинган.

Б) Муҳаммад алайҳиссаломни кўпроқ ёдга олишга ҳаракат қилиш. Муҳаммад алайҳиссаломни кўпроқ ёдга олиш инсонларга у зотнинг суннатларини таълим бериш мартабалари ва ҳақларини билдириш каби ишлар билан амалга оширилади.

В) Муҳаммад алайҳиссаломнинг номларини ҳамиша ҳурмат билан тилга олиш.  Яъни, у зотнинг исмларини айтишда, доимо пайғамбарликларини ифодаловчи набий ё расул сифатлари билан бирга айтиш керак.

 Г) Муҳаммад алайҳиссаломнинг масжидларига алоҳида ҳурмат кўрсатиш. Яъни, у зотнинг масжидларида, қабрларининг ёнида шовқин-сурон қилмаслик ва баланд овозда гапирмаслик лозим бўлади.

Д) Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаҳарлари Мадинаи мунавварага алоҳида ҳурмат кўрсатиш. Яъни, Мадинаи мунавварада яшовчиларга ва унга кирган барча мусофирларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаҳарлари ҳурматини сақлаш вожиб бўлади.

Е) Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларини улуғлаш. Ҳадиси шарифларни айтаётган вақтда ёки эшитиш пайтида Расулуллоҳнинг сўзларини улуғлаш ва уларга ҳурмат кўрсатиш деганда асосан қуйидаги ишларга риоя этиш тушунилади:

  1. Ҳадисларни ўрганишда холис Аллоҳ розилигини кўзлаш;
  2. Ҳадисларни ёйиб савоб олишни умид қилиш;
  3. Эшитган ҳадисларига амал қилиш;
  4. Ҳадиси шарифларни ривоят қилишда виқор билан ўтириш;
  5. Ҳадис дарслари учун алоҳида хушбўйланиш.

Демак ҳар бир мўмин ва мўмина Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида ушбу одобларга риоя қилиши лозимдир.

  1. У зотнинг берган хабарларини тасдиқлаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш турларидан яна бири у зотнинг хабарларини тасдиқлашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган хабарларини тасдиқлаш ва у зотни ёлғон гапиришдан пок, деб билиш иймон рукнларидан ҳисобланади.

  1. У зотнинг кўрсатмаларига эргашиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш  у зотнинг феъллари ва сўзларига эргашишни тақозо қилади. Зеро у зотга эргашиш иймоннинг асли экани ва жуда улкан бахту-саодатга сабаб бўлиши Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир!, деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига эргашиш аслида у зотга бўлган муҳаббатнинг самарси ҳисобланади. Чунки муҳаббат итоатни тақозо қилади. Бу ҳақида ҳикматли шеърлардан бирида бундай дейилган:

تعصي الإله و أنت تظهر حبه        هذا محال في الفعال بديع

لو كان حبك صادقا لأطعته إن المحب لمن يحب مطيع

Даъвойинг муҳаббат, қилмишинг исён

Кўрдим бу ишингда ёлғону ғалат.

Аллоҳга қуллик қил, эй саркаш инсон,

Муҳаббат тоатни қилади талаб.

Яъни Аллоҳга муҳаббатли бўлиш, У зотга итоат этишни вожиб қилганидек, Расулуллоҳни яхши кўриш ҳам у зотнинг кўрсатмаларига эргашишни тақозо қилади. Демак мусулмон киши доимо у зотнинг кўрсатмалари асосида яшайди, инсончилик юзасидан бирор камчиликка йўл қўйганда ҳам яна дарҳол у зотнинг кўрсатмалари асосида ҳолатини ислоҳ қилишга ўтади.

  1. Пайдо бўлган масалаларни у зотнинг суннатларига асосан ҳал қилиш.

Мўминлар ораларида чиққан келишмовчиликларда Расулуллоҳни ҳакам қилишлари лозимлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят).

Шунинг учун ҳам суннатларга риоя қилиш нажот топишда Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига ўхшатилган.

  1. У зотни ҳимоя қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотга бўлган муҳаббатнинг энг улкан аломатларидан ҳисобланади. Тарих китобларида саҳобаларнинг у зотни душман ўқларидан таналари билан тўсганлари баён қилинган. У зот вафотларидан кейин эса душманларнинг бўҳтонларидан у зотнинг пок сийратларини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмонга лозим бўлади.

Демак ҳар бир мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларини пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзаллари, деб эътиқод қилиб, уларни фақат яхши сифатлар билан ёдга олиш лозим. Улар ҳақидаги турли бўҳтонларни рад қилиш лозим.

  1. У зотнинг суннатларини ҳимоя қилиш.

Расулуллоҳнинг суннатларини ҳимоя қилиш, деганда уларни ёдлаш ҳамда бузғунчи ва жоҳилларнинг нотўғри талқин қилишларига қарши курашиш тушунилади.

  1. У зотнинг суннатларини ёйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳақларига дуо қилганлар:

عَن ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئاً ، فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ ، فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أوْعَى مِنْ سَامِعٍ  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бир нарсани эшитиб, эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Эҳтимол хабар етказилган киши эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”, деяётганларини эшитдим”. Термизий ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва суннатларини муҳаббат билан ўрганиш ҳамда улар асосида ҳаёт кечиришга уринишимиз у зот алайҳиссаломга бўлган иймонимиз тақозосидир.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

16990cookie-checkМУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА МУҲАББАТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: