Бугун шаҳримиздаги масжидларнинг бирини олдидан ўтиб кетаётгандим. Масжид олдидаги катта йўлнинг бўйига қўйилган эҳсон қутисига кўзим тушиб қолди. Қутининг пул соладиган тирқишидан икки дона беш минглик пул кўриниб қолганди. Атрофда “қўриқчи” йўқ, болажонлар эса бир бирлари билан қувлашмачоқ ўйнаб юришарди. Таажуб, шундай олдиларида назоратзиз жойда нақд ўн минг сўм турибди, нега олишмади, ёки кўришмадимикан?
Шу ҳаёл билан бозорга бордим, бир соатдан ортиқроқ бозордаги ишим билан бўлиб ортга қайтдим. Қути турган жойга бордим ва машинадан тушиб қутига яқинлашдим.
Атрофдаги болалар эса парвойи фалак, эътибор ҳам қилишмади. Болаларнинг эътиборини тортиш учун баланд овозда – болажонлар қандайсизлар деб сўрашгандай бўлдим. Болалар чуғурлашиб жавоб беришди-да ўйинда давом этишди.
Сабрим чидамади.
– Эй болажонлар, қани олдимга келинглар-чи, гапим бор.
Тўртта бола югургилаб олдимга келишди.
Танишдик, 3-4 синфларда ўқишар экан.
– Хўўш, қани ким менга шу қути тирқишидаги пулни олиб бера олади..?
Болалар бир-бирларига ажабланиб қарашар ва менга эса ачингандай назар ташлаб, жим бўлиб қолишди.
– Ким олиб берса, ярмини бераман.
Бирданига қовоқлари солинган болаларнинг орасидан дадилроғи бир қадам менга яқинлашиб:
– Оподада, бу пулга тегиб бўлмайди, бу пуллар масжидники, ким ўғирласа, кўзи кўр бўлиб, қўллари қалтироқ бўлиб қолади.
– Ким сизларга шундай деди..?
– Уйдагилар ва масжиддаги намозхон оподадалар айтишган.
– Боракаллоҳ, болалар, катталарни айтганларига қулоқ солганинглар учун хов анови “марожнахона”дан сизларга “марожна” олиб берайми?
– Ўша “марожна”ни пулини бераверинг…
Гап йўқ, дедим-да, беш минг бердим.
Бола беш мингни олди-да, шошилиб масжид қутисига тирқишидан ташлаб юборди.
– Хой бола, бу “марожна”га эди-ку!?
– Оподада, қаранг, масжидимиз ҳалиям битгани йўқ, “марожна” керакмас.
Болажонлар бу қилган ишларидан хурсанд бўлишиб югурганларича мендан узоқлашишди.
***
Ҳа, бу маҳаллага қиз берган ва бу маҳалладан қиз олган хонадон барака топади.
Фарзандларини ҳаром ва ҳалолни ажратадиган қилиб тарбия берганлардан Аллоҳ рози бўлсин.
Муҳаммад Икром
Қайси маҳалла экан, деб қизиқдингизми, айтишларича, бу масжид Наманган шаҳри Яндама маҳалласида экан.