islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-28

Фақиҳлар наздида саҳиҳнинг шартлари

Биринчи шарт: Ровийнинг адолатли бўлмоқлиги

Бу шартнинг маъносига юқорида “Ҳанафийлар наздидаги оҳод хабарнинг ровийсига тегишли шартлар” тўғрисида гапирганимизда тўхталгандик. Шунинг учун бу ўринда яна қайта баён қилишга эҳтиёж сезмадик. Лекин шу ўринда уни бир гапириб ўтишим лозим. Ровийнинг адолатлик бўлиши масаласи фақиҳларнинг назари ровийга адолат билан ҳукм қилиш борасида енгил қараш томонга мойил. Айниқса, улардан ровий очиқ-ойдин фисқдан саломат бўлган ҳолда исломни изҳор қилганлиги билан кифояланганларининг фикри бундай ҳукм қилиш борасида енгил. Шунга биноан фақиҳлар мажҳулул ъайн ва мастурнинг ҳадисини ҳам қабул қилганлар. Бу масала юқорида баён қилинди.

Иккинчи шарт: Ровийнинг зобтли бўлиши

Муҳаддислар ва фақиҳлар наздида бу лозимий шартлардандир. Лекин улар ваҳм ва ровий у сабабли рад этиладиган ғалатга таъриф беришда ихтилоф қилганлар. Санъоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Усулул ҳадис имомлари ровийнинг хатоси кўпайиб кетсагина унинг ҳадиси тарк қилинишини очиқ айтганлар. Аммо усул фиқҳ уламолари эса ровийнинг ҳадиси тарк қилиниши учун унинг хатолари тўғрисидан кўра кўпроқ бўлиши керак”, дейдилар .

Усул уламоларининг наздида адолатли кишининг хабарида хато кўпайиб кетган, лекин тўғрилари хатоларидан кўпроқ бўлса унинг хабари мақбул. Аммо хатоси ва тўғриси тенг бўлиб қолганда ихтилоф қиладилар. Уларнинг жумҳури бундай вақтда унинг хабари мардудлигини айтганлар .

Улар, яна ровийнинг хатоси кўп бўлишидан нима ирода қилингани борасида ҳам турли хил фикрларни айтганлар. Аллома Муҳйиддин Абдулҳамид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муҳаддислар наздида хатонинг кўп бўлиши деганда ровийнинг хатоси тўғрисига солиштирганда кўпроқ чиқиши эмас, балки хатоси кўп учраши мақсад қилинган. Қайси бир ровийнинг хатоси кўп, лекин тўғрилари хатоларидан кўпроқ бўлса ҳам унинг ривоятини тарк этадилар. Аммо усул уламоларининг наздида ровийнинг хатоси кўп деганда хатолари тўғриларига солиштирилиб, хатоси томони тўғрисидан кўпайиб кетиши назарда тутилади” .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

177900cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-28

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: