islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДА 20 МАЪЛУМОТ

🔹1. Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротнинг Боғи Давлатхона мавзейида, темурийлар хонадонига яқин бўлган давлат хизматчиси Ғиёсиддин Баҳодир оиласида таваллуд топган.

🔹2. Тарихчи Мирхонд «Равзатус-сафо» асарида ёзишича, Мир Алишернинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош бўлган.

🔹3. Навоийнинг илмга бўлган иштиёқи эрта уйғониб, 4 ёшида мактабда таълим ола бошлаган.

🔹4. Навоий 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асарини ёддан билган.

🔹5. Мир Алишер 7 ёшида буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билган.

🔹6. Мир Алишер 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаган.

🔹7. Алишер Навоий «муқарраби ҳазрати султоний» («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни олган. Унвон Навоийга давлатнинг барча ишларига аралашиш ҳуқуқини берган.

🔹8. Алишер Навоий ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган “икки тилли” шоир сифатида танилган.

🔹9. Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзи севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билган.

🔹10. Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига Навоий, форсий тилдаги шеърларига Фоний деб тахаллус қўяди. Шоирнинг форсий шеърлар тўплами “Девони Фоний” деб номланган.

🔹11. Навоийнинг севгилиси сифатида тасвирланадиган “Гули” исми фақат халқ оғзаки ижодида, Навоий ҳақидаги ривоят ва афсоналарда учрайди холос. Бу ном Навоийнинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ёзма манбаларнинг ҳеч бирида учрамайди.

🔹12. Навоий тахминан 18-19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Жомий уни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида қадрлайди. Кейинчалик бу икки улуғ шоир ўртасидаги устоз ва шогирдлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ижодий ҳамкорликка айланади.

🔹13. Самарқанд шаҳри Навоийнинг ҳаёти ва ижодида муҳим аҳамият касб этади. Алишер 1464 йилда Самарқандга келади ва бу ерда мадрасада таҳсил олиб, илм-фан, адабиёт ва санъат билан танишади.

🔹14. Навоий 1469 йилда дўсти Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан 90 байтдан иборат “Ҳилолия” қасидасини ёзади (“ҳилол” – янги чиққан ой).

🔹15. Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.

🔹16. Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган.

🔹17. Навоий туркий тилдаги илк “Хамса”ни 2 йил давомида ёзади. Дунёнинг 64 тилига таржима қилинган бу асар 51 минг мисрадан ортиқ.

🔹18. Шоирнинг лирик мероси умумий ҳажми 50000 мисрадан ортиқ «Хазойинул-маоний» номли тўрт девон (1491—1498)га жамланган.

🔹19. Алишер Навоий 1501 йил 3 январда вафот этган. Уни дафн этиш чоғида майдалаб ёмғир ёғиб турган эди. Буни тарихчи Хондамир “ҳатто табиат ҳам мотам тутди” дея таърифлаган.

🔹20. Навоийнинг туркий тилни қайта тирилтириши маънавиятимиз учун улкан жасорати бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас», — деб ёзса, Ҳусайн Бойқаро «Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди» деб таъкидлаган.

Манба: @hudud_inform

216853cookie-checkАЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДА 20 МАЪЛУМОТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: