2021 йил 9 феврал куни “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.
Амалга оширилиш режалаштирилган қатор ишлар фармонда кўрсатиб ўтилган:
Фармоннинг 5-бандида, Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади.
Шу банднинг давомида, хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистон Республикасига саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда “Умра+” дастури доирасидаги Ўзбекистон Республикасига авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилиши қайд этилган.
16-бандда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту ва бошқа хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши тайинланган.
17-бандга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ва Қўмита билан биргаликда икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
18-банд бўйича, Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
19-бандда эса, Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилиши айтилган.
ТИИ Матбуот хизмати