Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун қулайлик яратилади. Шунингдек, атрофида тўртта улкан минораси бўлган 8 минг ўринли масжид қурилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишган эди. Тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири – Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилганди.
13 февраль куни Имом Бухорий мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилди.
Қуръон тиловат қилиниб, қурбонлик қилинди. Лойиҳа юзасидан жамоатчиликка маълумот берилди.
«Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.
8 минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб, ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади.
Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади», – дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.
Мажмуада амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари махсус ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.