islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизими талабалари учун анъанавий ўқиш бошланди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилдаги буйруғи асосида Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизими жорий этилган эди.

Модуль таълим тизимида талабалар 1-2 курсда 3та семестр, 3-курсда 2та семестр давомида таълим оладилар. 1 мартдан 2-курс талабалари 6-семестр дарсларини Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент ислом институтига қарашли Модуль таълими биносида дарсларни анъанавий шаклда бошладилар.

2020-2021 ўқув йилида ўтган 2та семестрни модуль таълими талабалари онлайн шаклда масофадан таълим олдилар. Анъанавий шаклда дарсларни бошлаган мазкур 60 нафар талабалар 4  ҳафта ўқиб, шу бинонинг ўзида жойлашган талабалар турар жойида яшайдилар. Навбатда, мазкур 2-курс талабаларининг қолган 60 нафари келиб ўқишни бошлайдилар.

Талабаларнинг уч маҳал таомланиши, талабалар турар жойидаги яшаш шароитлари билан боғлиқ моддий эҳтиёжлар Вақф хайрия жамоат фонди ҳамда институт томонидан таъминланмоқда.

Шу ўринда Тошкент ислом институти жамоаси Вақф хайрия жамоат фондининг доимий ёрдам ва кўмаги учун ташаккур билдириб, Аллоҳдан олиб бораётган ишларига барака сўрайди.

Тошкент ислом институтининг Модуль таълим шакли қандай ўқиш ҳисобланади?

Модуль таълим Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган ходимларни исломшунослик, имом-хатиблик мутахассислиги даражасида ўқитиш фаолиятини амалга оширадиган тузилма ҳисобланади.

Жойларда олий диний маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж заруратидан келиб чиқиб, Модуль таълимга абитуриентлар ҳудудлар кесимида Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан белгиланган квота асосида қабул қилинади. Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида 3 йил таълим оладилар.

Жорий 2020-2021 ўқув йили учун Модуль таълимига 120 нафар талаба қабул қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

219770cookie-checkТошкент ислом институтининг Модуль таълим тизими талабалари учун анъанавий ўқиш бошланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: