islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган замин

Аллоҳ таолога шукрки, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, улуғ алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш, халқимизга хос бўлган одамийлик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатларни тарғиб этиш йўлида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда илмий мактабларда бу йўналишда аниқ, манзилли ишлар амалга оширилаётир.

Бундан ташқари, диёримиз ҳудудлари бўйлаб янгидан очилаётган масжид ва мадрасалар, қайта чирой очаётган муборак қадамжолар мўмин-мусулмонларимизни чексиз мамнун этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий сингари табаррук зотларнинг бемисл хизматлари нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, балки бутун жаҳон илм-фани равнақида муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ислом дини илмларини тадқиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан аҳоли мамнун, хорижлик мутахассислар эса юқори баҳоламоқда. Бундай маънавий-маърифий соҳадаги кенг кўламли ишлар келгусида ўлкамиздан яна бухорийлар, термизийлар, насафийлар, нақшбандийлар етишиб чиқишига замин бўлади, иншаАллоҳ.

Мусулмон Ренессанси, яъни Уйғониш даврига асос бўлган аждодларимизнинг дунёни ҳайратга солган беқиёс меросларини ўрганиш, улар инсониятга тақдим қилган таълимотларни ривожлантириш, илмий хулосаларини бойитиш, шубҳасиз, навбатдаги Ренессансга пойдевор бўлади.

Ҳақиқатан, ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мадрасалари ва уламолари билан шуҳрат қозониб, ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухородаги мадрасалар ўрта асрларнинг дорулфунунлари вазифасини бажарган.

Дин илмларини тадқиқ этиш, илму маърифатни пухта ўрганиш муҳим эканини Ҳазрат Навоий қуйидагича таърифлаганлар:

Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир.
Чу такмил ўлди бу уч илм, сен, бил,
Яна ҳар илм майлин қилма, ё қил.

Азал-азалдан илму маърифат маркази бўлиб келган заминимизда илм даргоҳлари қайтадан ташкил этилиб, уларга юксак мақом берилиши бемисл тарихий воқеа бўлмоқда. Айниқса, Бухоройи Шарифдаги Мир Араб мадрасасига олий мақом берилишида катта маъно, тарихий ҳақиқат мужассам. Зеро, ушбу таълим даргоҳи беш юз йил аввал ана шундай юксак мақомда ташкил этилган экан. Йиллар давомида бу ерда юзлаб олиму уламолар камолга етган. Давлатимиз раҳбари томонидан мадрасага олий мақом берилиши яна бу ердан алломалар, мутафаккирлар етишиб чиқишига умид уйғотади.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай илмий тадқиқот ва янгиликни қўллаб-қувватлайди. Буни ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳам тасдиқлайди. Қуръони каримда “илм” сўзи 811 ўринда турли маъноларда келади. Жумладан, илм эгаларини шундай мадҳ этилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳадиси шарифларида илм олишга даъват этганлар. У зоти шариф бир ҳадисда: “Ким дунёни хоҳласа, тижорат қилсин. Кимки охиратни хоҳласа, зоҳид бўлсин. Кимки иккисини ҳам хоҳласа, илм олсин”, — деб марҳамат қилганлар.

Оташқалб шоир Муҳаммадризо Огаҳийнинг илмни улуғлаб ёзган қуйидаги байти юқоридаги ҳадиси шарифнинг назмий ифодасидир.

Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамғаким,
Кимда ул бўлса, икки олам бўлур обод анго.

Мана шундай қувватли манбаларга таянган ўлкамизда илм-маърифатга бўлган эътибор энг юқори босқичга кўтарилмоқда. Барча ислоҳотларнинг асосий мақсади — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраш, фарзандларимизни буюк аждодларимизга мос тарзда тарбиялаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этишдан иборат.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўзининг бугунги турмуш тарзида, дунёга бўй чўзаётган болалари мисолида ҳис қиляпти.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга ташриф буюраётган нуфузли меҳмонлар ҳам олиб бораётган ишларимизни кўриб, ўз мамнунликларини билдиряпти. Жумладан, Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига ташриф қилган чоғларида ўз фикр ва таассуротларини шундай изҳор қилган эди:

— Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари ўқитиб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз.

Демакки, диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган аҳамияти беқиёс ишлар, янгидан барпо этилаётган илмий марказлар, масжид-мадрасалар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташрифлари, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, шундай юқори эътирофларга сазовор бўлган ишларни жадаллаштиришдан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда Учинчи Ренессансни — Уйғониш даврини юзага келтиришдир.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистан мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 2 март, №43 (299)
219740cookie-checkБутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган замин

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: