28 феврал куни Humo Arena саройида “Заковат” интеллектуал клуби аъзолигига Тошкент вилояти ва шаҳридан ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди.
“Заковат” интеллектуал клубига аъзо бўлиш учун ариза берганлар сони 13 мингдан ошган. Уларнинг 11 111 нафари якка тартибда ариза топширганлар бўлса, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтган. Тошкент вилояти ва шаҳрида кастинг учун ҳам минглаб ёшлар йиғилди.
“Бунчалик кўп иштирокчи билан ўтказилган интеллектуал ўйин ҳали дунёда бўлмаган. Бу дунё бўйича рекорд даражада иштирокчилар қатнашаётган интеллектуал ўйин бўлмоқда.
“Заковат” 20 йилдан бери экран орқали илм зиёсини тарқатишдек савобли иш билан шуғулланмоқда. 20 йилдан бери шу иш билан шуғулланаётган инсон сифатида бугунги кун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири, деб айта оламан. Бундан 20 йил олдин март ойида “Заковат” илк бор ташкил топганди. Бугун эса “Заковат” қайтадан туғилди”, дея янги аъзоларни табриклади “Заковат” телебошловчиси Абдурасул Абдуллаев кастингда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов нутқини Мунавварқори Абдурашидхоновнинг 1923 йили айтилган “Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”, жумласи билан бошлади.
“Яқинда бир пост ёзгандим, орангизда балки уни ўқиганлар ҳам бордир. Хуллас, унинг мазмун маъноси шундай эди: Бирлашган Араб Амирликлари тадқиқот ўтказиш учун космик аппаратларини Марсга учириб мақтанаётган бир пайтда биз асосан икир-чикир,майда-чуйда масалалар ёки иғво-ғийбатлар билан оворамиз.
Бу пост анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Улар орасида Мунавварқорининг ҳозиргина айтилган сўзларига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим. Қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан. Тузум ўзгарган, сиёсат ўзгарган, давр ўзгарган, бизнинг дунёқарашимиз эса ҳали ҳам ўша-ўша”, дея қайд этди фонд раиси ўз нутқида.
Комил Алламжонов ихтиролар, янгиликлар ва инқилобий ўзгаришларни фақат телевизордан кўриб, аждодлар билан фахрланиб яшашдан ташқари илмни трендга чиқариш зарурлиги ҳақида гапирди.
“Ҳадеб ўтмишдаги алломалар билан қуруқ фахрланиб юравермай, шеърхонлик ва ғазалхонликдан ташқари табиий фанлар, лабораториялар, олимларнинг тадқиқотлари ва кашфиётларини, умуман илмни трендга чиқариш кераклиги ҳақидаги фикрларим кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади.
Лекин фикрим қатъий! Ҳар биримиз бугун дунёқарашимизни кенгайтирмас эканмиз, ўз-ўзимизга қўйган чегараларни олиб ташламас эканмиз, муаммога дуч келганда дарров ҳафсаламиз пир бўлаверса, фақат кимдандир, нимадир кутиб яшайверсак ва қуруқ гаплардан амалий ишларга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ”, деди у очилиш маросимидаги нутқида.
Бугун олдингизда имконият эшиклари яна ланг очилди. Улардан самарали фойдаланайлик. Аслида, ўзи бугун шундоқ ҳам кечга қолиб бўлдик, эртага эса янада кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, зудлик билан олдинга қадам қўяйлик.
Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақираман”,- деди Комил Алламжонов ёшларга мурожаат қилиб.
“Ярфаъиллаҳуллазийна аамануу минкум валлазийна уутул илма дарожаат”. Яъни “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” – Мужодала сураси, 11-оят”, дея ўз нутқини бошлади Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева “Заковат” интеллектуал клуби кастинги тадбирида.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўз нутқида, жамият тараққиётида аёлларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди, “Заковат” клубига аъзо бўлган хотин-қизларга омад тилади.
Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, клуб кастингига турли ёшдаги ва мавқедаги одамлар йиғилган бўлса-да, уларни бирлаштирувчи мақсад битта – илм. Бу мақсад атрофида хотин-қизларнинг ҳам бирлашгани эса хурсанд қиладиган ҳолат.
Фонд раиси ўринбосари “Заковат” клуби аҳамиятига, унда қизларнинг фаоллиги муҳимлигига алоҳида тўхталди.
“Заковат клуби – эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини; интеллектларни бирлаштирувчи макон, мамлакатни олдинга етаклайдиган кучдир. Заковат – бу бизнинг учар гиламимиз, автомобилимиз, самолётимиз, ракетамиздир. Биз эса имконсиз нарса йўқлигини биладиган сайёҳлармиз. Ўзимиз истаган манзилга парвоз қилиб, гуллар чаман очилиб ётган заминга, албатта, етамиз”, – деди Саида Мирзиёева ўз нутқида.
“Заковат” турнирлари учун 1 млрд 690 млн сўм ажратилган. Тошкент шаҳри ва вилояти ўйинлари учун ажратилган ютуқ фонди эса 130 миллион сўм. Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этилади.
Очилиш маросимидан сўнг клуб аъзолиги учун индивидуал тарзда ариза топширганлар учун 20та тезкор ва 10та мантиқий саволлар ўқиб эшиттирилди.
Кастингдан сўнг барча иштирокчиларнинг рейтинги тузилади. Ана шу рейтинг асосида қатнашчилар 6 кишилик жамоаларга тақсимлаб чиқилади. Бунда тақсимлаш рейтингдаги кетма-кетликка асосланган ҳолда амалга оширилади. Масалан, 1-ўриндан 6-ўрингача бўлган иштирокчилар битта жамоа, 7-12-ўринлардаги аъзолар кейинги жамоага бирлаштирилади.
Якка тартибда рўйхатдан ўтганлар рейтингдаги ўрнидан қатъи назар ўзаро келишган ҳолда ўз ташаббуси билан бир жамоага бирлаша олишмайди.
“Бу кастингдан ҳеч ким йиқилмайди. Ҳамма қатнашиш имконига эга бўлади, яъни ҳамма натижасига қараб жамоаларга тақсимлаб чиқилади”, дея маълумот берди “Заковат” интеллектуал клуби аъзоси Хушнудбек Худойбердиев.
Иштирокчилар қайси жамоага тушганлиги ва жамоадошлари рўйхати билан www.zakovat.tv сайти орқали танишишлари мумкин бўлади.