Илм аҳлини, айниқса толиби илмларни моддий қўллаб-қувватлаш икки дунё учун манфаатли ва савобли амалдир. Талабаларни рағбатлантириш ўзаро илмий “рақобат”ни юзага чиқариб, толиби илмни кўпроқ изланишга ва ўз устида ишлашга ундайди. Аллоҳ учун холис илм ўрганаётган талабалар орасидан энг аълочиларини, энг фидойиларини, энг хулқи намуналиларини ва энг интизомлиларини саралаб олиб, рамзий маънода моддий рағбатлантириб бориш Тошкент ислом институтида анъанага айланган.
Бугун, 25 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида ана шундай энг олди талабаларни рағбатлантириш бўйича гувоҳнома ва сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилида ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, муносиб таълим-тарбия олиши ҳамда Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган баркамол шахслар бўлиб камол топишини таъминлаш йўлида институтда олиб борилаётган қатор эзгу ишлар ҳақида маълумот берди.
Дастлаб, ТИИ ректори У.Ғафуров, Имом Бухорий номидаги стипендия соҳибаси бўлган, институтнинг 4-курс талабаси Маҳаммадхонова Мухлисага стипендия гувоҳномаси ва оила аъзоларига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома топширди.
Маҳаммадхонова Мухлисага, ўқув йили бошидан бошлаб, 2020-2021 ўқув йили давомида белгиланган миқдорда, жами 7 020 000 сўм стипендия Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан берилади.
Маълумот учун айтиш керак, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига махсус стипендиялар тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом мавжуд бўлиб, низом таълим муассасаларининг қобилиятли талаба ёшларини рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб тақдирлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабаларига Имом Бухорий, Имом Термизий, Эшон Бобохон номидаги махсус стипендиялар тайинлаш тартибини белгиланган.
Имом Бухорий номидаги махсус стипендия Тошкент ислом институти Кенгаши қарорига асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан тайинланди.
Имом Бухорий номидаги махсус стипендияга уч курс давомида фанларни фақат аъло баҳоларга ўзлаштирган, шунингдек, ҳар томонлама иқтидорли, илмий, маънавий-маърифий ва жамоат ишларида фаол, намунали хулқ-атворга эга талабалар эга бўлиши мумкин.
Шунингдек, мазкур стипендияга эга бўлиши учун талаба камида битта хорижий тилни билиши, битта илмий, тўртта ижтимоий йўналишда мақолалар эълон қилган бўлиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Имом Бухорий номидаги махсус стипендия олий таълим муассасалари, Имом Термизий, Эшон Бобохон номидаги махсус стипендиялар ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ўқиётган юқори курс талабаларига тайинланади.
Шундан сўнг, 2020-2021 ўқув йили 1-семестри якуни бўйича фақат аъло баҳолар олгани, ўзининг фаоллиги, тиришқоқлиги ва ахлоқ-одоби, бирорта дарс қолдирмай ўқишдаги муваффақиятлари билан бошқа талабаларга намуна бўлгани учун 4 та талаба, Асқарова Рисолатхон Камолиддин қизи, Исоқжонова Мухсина Иброхим қизи, Маннобжонова Робияхон Абдуғофур қизи ва Юсуфий Рокия Саиджамол қизининг ҳар бирига 5 040 000 сўмлик “Ректор стипендияси” гувоҳномаси ва оила аъзоларига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома топширилди.
Шу билан бир қатордан 1-семестр якуни бўйича яхши баҳолар олгани, тиришқоқлиги ва ахлоқ-одоби ҳамда бирорта дарс қолдирмагани учун 3 та талабанинг ҳар бирига, Махкамов Миркамол Шарип ўғли, Нақибхонов Саидасрорхон Осимхон ўғли ва Олимжонов Хабибуллоҳ Абдулло ўғлига 4000000 сўмлик сертификат ва ота-онасига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома тақдим қилинди.
Аёл-қиз талабалардан худди шундай кўрсатгичларга эга 3 нафар талабага, Раимкулова Бибихадича Абдулхамидовна, Мамасалиева Муштарийбегим Қобилжон қизи ва Мирахмадова Хуснора Дилшод қизига ва уларнинг ота-онасига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома тақдим қилинди.
Аввал хабар берганимиздек, қори талабалар орасида 2 та талаба, Ғофуржонов Аҳмадилло Абдушукур ўғли ва Рўзалиев Ҳикматуллоҳ Абдужаббор ўғли Қуръони каримнинг 30 порасини бир ўтиришда ўқиб берган эди. Мана шундай муваффақиятини тақдирлаш мақсадида уларга ҳам 4 000 000 сўмлик сертификат ва ота-онасига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома топширилди.
Шунингдек, қори талабалардан 2 нафари Охунжанов Абдулхай Фозил ўғли ва Нуриддинов Асадуллохон Мухаммадхон ўғли Қуръони карим қироати бўйича Имом Ҳафснинг Осим ибн Абун Нажуддан қилган ривояти Шотибия йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олган эди. Шу муносабат билан уларнинг ҳам ота-оналарига миннатдорчилик билдирилган ташаккурнома тақдим қилинди.
4 нафар қори талабаларга сертификат ва ташаккурномаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси дин ишлари шўъбаси етакчи консультанти ва ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Жасур Нажмиддинов топширди. Ва 1-семестр якуни бўйича фақат аъло баҳолар олгани, ўзининг фаоллиги, тиришқоқлиги ва ахлоқ-одоби, бирорта дарс қолдирмай ўқишдаги муваффақиятлари билан бошқа талабаларга намуна бўлиб, моддий-маънавий рағбатлантирилган талабаларни ушбу муваффақиятлари билан муборакбод этди.
Эътиборлиси, рағбатлантирилганлар орасида қиз талабалар кўпчиликни ташкил этгани, уларнинг илм олишга интилишда йигитлардан қолишмаётгани қувонарлидир.
ТИИ Матбуот хизмати