islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Профессионал диний кадрлар – замон талаби

Хабарингиз бор, Тошкент ислом институти талабалар учун “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” махсус курси фан сифатида ўқув жараёнларига қўйилган.

Бугун, 25 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси дин ишлари шўъбаси етакчи консультанти Ж.Нажмиддинов иштирокида “Расмий рўйхатдан ўтган диний конфессия ва ташкилотлар. Ноисломий диний ташкилот ва секталарнинг миссионерлик фаолияти” мавзусида талабалар учун маъруза бўлиб ўтди. Тадбирни институт ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.

Ж.Нажмиддинов дастлаб, диний соҳага оид қонунчиликдаги ўзгаришлар, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, ундаги баъзи моддаларнинг олиб ташланиши, баъзилар соддалаштирилгани тўғрисида маълумот берди.

Шундан сўнг, расмий рўйхатдан ўтган диний конфессия ва ташкилотларнинг қонунлар билан белгилаб берилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалаларига оид маълумотлар билан ўртоқлашди.

Маъруза давомида, ҳозирги кунда долзарблиги бир неча баробар ортган ноисломий диний ташкилот ва секталарнинг миссионерлик фаолиятининг мазмун моҳияти ва мақсади ҳақида мисоллар ёрдамида атрофлича билим ва кўникмалар берилди.

Маърузачи, шунингдек, бўлажак диний-маърифий соҳа ходими, имом-хатиб, ноиб имом ва отинойи вазифаларида хизмат қилувчи талабалар профессионал кадр бўлиб етишиши лозимлигини таъкидлади.

Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос бўлиб келаётган минбарга муносиб бўлиб, халқнинг диний саводхонлигини ошириш, бидъат-хурофотларни олдини олиш каби ишларни бажариш илм аҳлининг олдида турган муҳим вазифалардир.

Ҳар бир айтаётган сўзга эътиборли бўлиб, жамиятнинг турли қатламига оид аъзоларига баробар манфаатли бўлган чиқишлар қилиш, маърузалар айтишга бўлажак имом-хатиб, отинойи сифатида толиби илмлардан катта масъулият талаб қилинади. Халқни ҳиссиётини жунбушга келтирадиган чиқишлар ўрнига савияли, илмий асосланган ҳамда халқчил услубдаги маъруза қилиш салоҳиятига эга бўлишга ҳаракат қилиш лозим.

Фиқҳда ҳанафийлик, ақидада мотуридийлик йўналишида бўлсак, сиз талабалар буларни пухта ўзлаштиришингиз, унга қатъий амал қилишингиз ҳамда одамларга ўргатишингиз керак бўлади.

Замон талаби билан диний тарғибот ва илм тарқатиш интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали  олиб борилмоқда. Шунинг учун талабалар ҳам ўқув юртида берилаётган илмларни мукаммал ўзлаштириб, одамлар учун фойдали маълумотлар тақдим қилишни ўрганиши, блоглар юритиш кўникмасини ҳосил қилишлари фойдадан ҳоли эмас. Бераётган маълумотлари биринчи навбатда шаръий илмлар доирасида бўлиш билан бир қаторда амалдаги қонунчилик меъёрларидан чиқиб кетмаслиги лозим. Таҳилларга кўра, юртимиздаги энг юқори ўринда турган имом домлалар, аҳли имлар ва бошқаларнинг, ҳар бирининг интернетдаги аудиторияси 300 мингдан 700 минггача бўлган обуначини ташкил қилмоқда.

Ж. Нажмиддинов талабаларнинг сифатли таълим олиши борасидаги Тошкент ислом институтида олиб борилаётган ўқув ва ташкилий ишларга юқори баҳо берди. Қурилаётган қўшимча ва янги биноларнинг манфаати, ўқилаётган дарсликларнинг савияси тўғрисида илиқ фикрлар билдирди. Шунингдек, институтни битириб олий таълим муассасаларида магистратура босқичида таълим олаётган талабаларнинг илмий савияси тўғрисидаги хорижлик диний соҳа мутахассисларининг эътирофини ҳам мисол келтирди.

ТИИ Матбуот хизмати

222290cookie-checkПрофессионал диний кадрлар – замон талаби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: