islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Йўл транспорт ҳодисаси сабаблари

Маълумки кўпгина аянчли транспорт ҳодисалари келиб чиқишига асосий сабаб йўл қоидаларига амал қилмаслик, катта тезлик, бошқарувдаги беписандлик ва бошқа сабаблардир.  Бундан ташқари бошқа махфий сабаблар ҳам мавжуд. Табиблар огоҳлантирган кўзи ожизлик, бош оғриғи каби касалликлар ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади.

Йўл транспорт ҳодисаси сабаблари қуйидаги ишларда жамланади:

  • Катта тезлик.

Воқеликда ҳар қандай бошқарувчига катта тезликни жиловга олиш мумкин бўлавермайди. Чунки бу нарса йўлларни кенг ёки торлиги, транспортлар тиқилинч ёки тиқилинч эмаслигига ҳам боғлиқ. Бир транспорт бошқа транспортдан фарқ қилади. Шунинг учун айтамизки, давлат муайян тезликни белгилаб қўйган бўлса, имкон қадар ана шу белгиланган тезликда бошқариш вожиб бўлади. Чунки волийнинг амрига итоат қилиш вожиб. Айниқса инсон манфаатлари бўлган нарсаларда батариқа аъло бўлади. Ҳурсанд бўлмайдиган иш содир бўлиб, бошқарувчи ўша вақтда надомат чекиб юрмаслиги учун белгиланган тезликдан ошириб юбормаслик лозим. Фақатгина зарурат вақтида, ҳожат тушганда истисно қилинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мулоҳазакорлик Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан”, дедилар[1].

       Ибн ал-Қоййум роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “дарҳақиқат шошқалоклик шайтондан бўлади. Чунки шайтонлар енгилтак ва ўйламай иш қиладиган, бандаларни собитлик, ҳилм ва виқор сингари сифатлардан тўсишга ғайратли бўлган махлуқлардир. Шайтонлар нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўядиган, ёмонликка чақириб яхшиликдан тўсадиган тоифадандир. Улар икки мазаммат қилинган нарсада пайдо бўладилар. Биринчиси таврит(жуда сусткашлик), иккинчиси вақтидан олдин шошилтириш”.

  • Қизил чироқда ўтиш.

Шак-шубҳа йўқки светофор чорраҳаларда транспортлар ҳаракатини тартибга солиб туриш учун қўйилган. Транспорт бошқарувчиси қачон тўхтаб, қачон ҳаракатга тушишни у орқали билади. Светофорнинг қизил ишорасига амал қилмаслик йўл қоидалари бузилишидаги энг катта хатарлардан бири. Чунки уни бузган бошқарувчи бошқа транспортлар ҳаракатланмасидан аввал, тезда ўтиб кетмоқчи бўлади, шунда тўсатдан йўлдан бир инсон ўтиб қолиши ёки яшил ишорага таяниб бошқа тарафдаги транспортлар ҳаракатланиб қолиши мумкин. Натижада светофор ишорасига амал қилмаган киши бир инсонни уриб юбориши ёки бошқа транспорт билан тўқнашиб кетиши, бу эса ўз навбатида ўзи ва бошқалар учун кўнгилсиз воқеаларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Гарчи чорраҳанинг бошқа тарафида транспорт бўлмасада қизил ишорада қатъий тўхтаб туриш лозим. Чунки тўсатдан қандайдир ҳолатлар юзага келиб қолиш эҳтимоли бор. Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг[2], деган. Ишбошилар йўлни тартибга солиб туриш учун махсус белгиларни жорий қилганлар. Ана шу белгилар инсонга “юр!”, “тўхта!” деб ишора қилади. Мана шу ишоралар ишбошиларнинг сўзи ўрнида. Гўёки ишбоши сизга “юр!” ёки “тўхта!” деяётгандай. Ишбошига итоат қилиш вожиб. Бунда бошқа томонда транспорт йўқ бўладими, бор бўладими ҳукм бир хиллигича қолади.

  • Чарчоқ ҳолатда машинани бошқариш.

Бунда транспорт бошқарувчиси сергак тортиши лозим бўлган уйқусираш, чарчаш каби сабаблар киради. Чунки бу ҳолатда машинани бошқариш катта йўл транспорт ҳодисасига сабаб бўлаётганини бугунги воқелик ҳам кўрсатиб турибди.

  • Транспортга эътиборсизлик ва уни созлигини назорат қилмаслик.

 Транспортнинг техник созлигини назорат қилиб туриш лозим. Уларни ёқилғиларини, эҳтиёт қисмларини яхши ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш керак. Айниқса тормозини яхши созлаб олиш керак бўлади. Чунки транспортга эътиборсизлик оқибатида бошқарувда камчиликка йўл қўйилмаган ҳолатда ҳам йўл транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкин.

  • Бошқарув вақтида телефондан фойдаланиш ва хавфсизлик камарини тақмаслик.

Транспорт бошқарувчиси телефондан фойдаланаётганда эътибори чалғиши, телефон орқали суҳбатда аъзоларни банд қилиб қўйиши, суҳбатдан таъсирланиши ва ҳиссиётга берилиши каби йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган сабаблар вужудга келади. Хавфсизлик камарини тақмасликда ўз жонини хатарга қўйиш ҳолати кузатилиши мумкин. Чунки бирданига тўхташга мажбур бўлганда тана аъзоларини транспорт қисмларига уриш натижасида шакастланиши мумкин.

Йўл транспорт ҳодисасига олиб келадиган сабаблардан яна бири алькогол маҳсулотларини истеъмол қилиш. Буни истеъмол қилган киши томонидан юзага келган ҳодиса енгилроқ ҳодисага кирмаслиги барчага аён. Чунки алкогол истеъмоли натижасида содир этилган талофатлар камида ўлим ҳодисаси билан якунланмоқда.

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас ундан четда бўлинг. Шоядки нажот топсангиз[3], деган.

Тутқаноқ ва хушини йўқотиб қўйиш касаллиги касалликлар орасида йўл транспорт ҳодисасига олиб борадиган энг хатарли касаллик туридан ҳисобланади. Хатарлиси шундаки, бу касаллик қайси вақт рўй беришини ҳеч ким билмайди. Агар транспорт бошқараётганда шундай касаллик хуруж бериб қолса катта талофатга олиб бориши аниқ. Бундай касаллик билан касалланган кишилар транспорт бошқарувига ўтириши ман қилинади.

Бундан кўринадики, ҳар бир киши йўл транспорт ҳодисасига бевосита ёки билвосита сабабчи бўлишдан эҳтиёт бўлишда юқоридаги сабаблардан сақланиши лозим. Йўл қоидаларига амал қилишда, транспортларни бошқаришда, йўлда инсонлар билан гўзал муомала қилишда, бахтсиз ҳодисалар вужудга келганда ёрдамга шошишда мусулмон киши бошқаларга намуна бўлиши дини яхши санаган ишлар сирасига кириши ҳеч кимга сир эмас.

4-курс талабаси Саминов Аъзам

[1] Байҳақий 3390-рақам билан ривоят қилган.

[2] Нисо сураси, 59-оят.

[3] Моида сураси, 90-оят.

223820cookie-checkЙўл транспорт ҳодисаси сабаблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: