islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Бухорий фақат ҳадис илмида етакчи эдими?

Маълумки, ислом оламида ҳадис илмининг султони бўлган зот Имом Бухорийнинг ўринлари беқиёсдир. Бирор мусулмон йўқки, фарзанди Бухорийдек бўлишини ҳавас қилмаса! Бирор толиби илм йўқки, Аллоҳ унга Бухорийга берган фаҳмни, у зотнинг илмига берилган баракани ўзига ҳам берилишини истамаса. Аксарият инсонлар Имом Бухорийни фақат етук муҳаддис бўлишига фақат у зотга ўткир зеҳн берилгани сабабидан деб ўйлайди.

Аслидачи?! Имом Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, одамохунлиги, мурувватлилиги, ҳимматлилиги ва беқиёс саховатлилиги билан бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зотнинг илмга, ҳадиси шарифга нафақат муҳаббат қўйгандилар, балки илм йўлида чин маънода жидду жаҳд қилдилар.

Имом Бухорийдан: «Нега бу ишга қўл урдингиз! деб, сўрашганда,  шундай дедилар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда елпиғич, у кишини елпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир қилувчиларга айтсам:

«Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турасан»-дейишди. Ўзларининг саҳиҳ тўпламлари ҳақида у зот: «Қачонки мана шу китобимга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб икки ракъат намоз ўқирдим», деб айтадилар.  Баъзан биргина ҳадисни эшитиш учун ҳам юзлаб чақирим йўл босардилар.

Келинг, у зотнинг амалларидаги гўзал намуналарга назар соламиз. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имом Абу Абдуллоҳ Муҳасибий қаламига мансуб “Рисалатул мустаршидин” асарига ёзган шарҳида келтиради:

“Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг амаллари тўғрисида гапирганда, бунга Ҳофиз ибн Ҳажарнинг “Саҳиҳи Бухорий” шарҳида Имом Бухорий ҳақидаги ривоятлари кифоядир. Ҳофиз айтади: “Муҳаммад ибн Мансур шундай дейди: “Биз масжидлардан бирида Абу Абдуллоҳ Бухорий билан бирга эдик. Бир киши соқоли орасидан нопок нарсани олдида, уни ерга ташлади. Имом Бухорийга назар солдим. У киши бир ердаги нарсага қарарди, бир атрофдаги одамларга қарарди. Ниҳоят, одамлар ғафлатда туришганида, ердан нарсани олиб, чўнтакларига солиб қўйди. Масжиддан чиққанларида, уни чўнтагидан чиқариб, ерга ташлаганини кўрдим”.

Кўриб турганимиздек, Имом Бухорий ҳазратлари масжид ерини нопокликлардан асради. Аллоҳ таолонинг байтига, қолаверса инсонларга етиши мумкин бўлган азиятга эътиборсизлик қилмади. Бу эса, у кишининг илму амали, тақвоси нақадар эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизларга ўзининг солиҳ бандаларига эргашишни буюради:

أولئك الذين هدى الله فبهداهم اقتده

“Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш”.

4-курс талабаси Анваров Элёрбек

223800cookie-checkИмом Бухорий фақат ҳадис илмида етакчи эдими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: