Юртимизда ислом нури мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ана шу даврда яшаб ўтган ватандошларимизнинг Қуръони Каримни тафсир қилиш ва ҳадисларни саҳиҳ ҳолатда умматларга етказиб бериш борасидаги хизматлари беқиёс бўлган.
Ана шундай буюк муҳаддислардан бири – ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий бўлиб, бу киши 824 йилда Термиз шаҳрида дунёга келган. Имом Термизийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳар бир илм аҳли учун ибрат олишга арзигуликдир. Термиздаги ўрта ҳол оилада дунёга келган Имом Термизий дастлабки илмларни ўз юртидаги Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёдаги олимлардан ўрганади. Ўз тенгдошларидан ақлу заковати, тиришқоқлиги билан ажралиб турган Термизий қироат, баён, фиқҳ,тарих илмларини, айниқса ҳадис илмини чуқур эгаллайди. Имом Термизий бошқа уламолар сингари эрта ёшда эмас, балки ёшлари ўттизларга яқинлашганда илм талаб қилиш учун сафарга чиқадилар ва Макка, Мадина, Ироқ ва Хуросондаги катта муҳаддис олимларнинг олдиларига бориб бир қатор илмларни эгаллайдилар. Бу билан Имом Термизий илм олишннг эрта – кечи бўлмаслигини ислом умматига кўрсатиб бердилар.
Имом Термий ҳадисларни тўплашга алоҳида эътибор қаратдилар ва бу йўлдаги машаққатларга , турли сафар қийинчиликларига бардош бердилар.
Имом Термизийнинг зеҳни ўткирлигини, ҳатто Имом Бухорийдек зотлар эътироф қилганлар. Бир куни илм мажлиси бўлиб турган вақтда Имом Бухорий у кишига қарата: «Сен мендан фойда олганиндан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим» – деганлар.
Араб тарихчиси Шамсиддин аз-Заҳабийнинг (1274-1347) “Тазкират ул-ҳуффоз” (“Ҳофизлар ҳақида тазкира”) номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда машҳур муҳаддислар билан мулоқотда бўлади ва уларнинг биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилади. У олим: “Бўлмаса қоғоз-қалам ол”, -деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдираверган. Олим эса турли-туман ҳадислардан етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга қараб унда ҳеч қандай ёзув йўқлигини кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиққан. Ат-Термизий шунда бамайлихотир «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?», – дегану ҳозиргина олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин такрор айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан ўша олим ҳайратга тушиб, қойил қолганини билдирган.
Имом Термизий фиқҳ, тарих, тасаввуф ва ҳадис илмига доир юздан ортиқ асарлар ёзган. Шу асарларнинг ичида “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари алоҳида эътироф этилишга лойиқдир. Олимнинг машаққатли меҳнатининг маҳсули бўлган бу асар, ўзининг бир қатор фойдали жиҳатлари билан бошқа ҳадис китоблардан ажралиб туради. “Сунани Термизий”, “Ал-Жомеъ ал-Кабир” номлари билан ҳам юритиладиган бу асарни Термизий қариб олтмиш ёшларида, ҳадис илмида катта тажриба орттирганидан кейин ёзган. Бу асар ўз ичига таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, муомолот ва одоб-аҳлоққа мавзуларига доир ҳадисларни қамраб олган бўлиб, унда ҳадис санадида келган ровийларнинг ҳолатлари, ҳадисларнинг турлари баён қилинган.Жумладан, бу китобда “саҳиҳ”, “ғариб”, “хасан” каби турли ҳадислар баён этилади ва бир ҳукм борасида уламоларнинг тутган йўллари келтирилади. Бу китоб Имом Термизийнинг ҳадис борасида ёзган китобларининг энг яхшиси ва фойдалиси бўлиб, барча тоифадаги кишилар уни ўқиб манфаат олишлари мумкин. Чунончи, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларини кўпинча ўқимишли кишилар тушунса, “Сунани Термизий”ни деярли барча тоифадаги кишилар тушунади ва китобни ўқиш жараёнида ҳадисларнинг турлари ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлади.
Имом Термизий замонидаги олимлар унинг ҳадис илмидаги хизматларини юксак баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан бири Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий “ат-Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган имомлардан биридир” деб ёзса, Ҳофиз ибн Ражаб: “билгилки, Имом ат-Термизий биринчилардан бўлиб ўз китобларда ҳадисни саҳиҳ, хасан ва ғарибга бўлганлар” -деб таъкидлайди.
Ана шундай сермаҳсул умр соҳиби муҳаддис, олим Абу Исо ат-Термизий 892-йили 70-ёшида вафот этиб, ҳозирги Сурхондарё туманидаги Шеробод туманига дафн қилинади.
2017-йил 14-февралда Имом Термизий ва бошқа алломаларимизнинг меросларини чуқур ўрганиш мақсадида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилди. Бу ерда Имом Термизийнинг ҳаёти ва асарлари чуқур ўрганилиб уни халқимизга етказиш борасидаги ишлар олиб борилмоқда.
4-курс талабаси М.Махаматхонова