islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Довуднинг сунани асари борасидаги уламоларнинг қимматли фикрлари

Уламолар бу борада жуда ҳам кўп ажойиб фикрларни билдирганлар. Биз бу ўринда улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ дейдилар: “Билингларки, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Сунан китоблари мўътабар китобдир. Дин илмида унинг каби асар ёзилмаган. Дарҳақиқат, бу асар бутун инсоният томонидан гўзал қабул қилинди ва олимлар жамоаси билан фақиҳлар табақалари орасида ҳакамга айланди. Ҳар бир киши учун фойдали китобга айланди. Унга Ироқ, Миср ва мағриб ҳамда бошқа диёр аҳллари суяндилар. Лекин Хуросон аҳлининг аксари Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Найсобурий ва ҳадис жамлашда уларнинг шартларига риоя қилган кишиларнинг китобларига кўпроқ эътибор қаратдилар. Лекин Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг китоби тузилиши жиҳатидан гўзал ва фиқҳий масалаларга бойдир”[1].

Муҳйиддин Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳ ва ундан бошқа илмлар билан шуғулланадиган кишига Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Сунанига эътибор қаратиши ва чуқур ўрганмоғи лозим бўлади. Чунки ҳужжат бўладиган ҳадисларнинг аксарияти унда мавжуддир. Яна мусанниф бу ҳадисларни ўта гўзал ва осон услубда тартиблаганлар”, дедилар.

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Ибн ал-Аробийнинг олдида турган нусхага ишора қилиб: “Биз у зотдан мана шу китобни эшитар эдик. Агар Қуръони карим билан бирга мана шу китобдан бошқаси бўлмаса-да, инсон илмдан бирор нарсага эҳтиёж сезмайди”[2].

Закариё Сожи дейдилар: “Аллоҳнинг Китоби Исломнинг аслидир. Абу Довуднинг китоби эса Исломнинг аҳлидир”.

Муҳаммад ибн Маҳлад дейдилар: “Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ юз минг ҳадисни ёддан билар ва уларни музокара қилар эди. Қачонки Сунан китобини ёзиб, уни инсонларга ўқиб берганларидан кейин бу китоб муҳаддислар ҳузурида мусҳаф каби бўлиб, улар унга эргашдилар ҳамда унга асло хилоф қилмадилар. Ўз замонасининг аҳли у кишининг кучли хотирасига иқрор бўлдилар”.

Бу китобга берилган энг гўзал таърифлардан бири аллома Ибн Қайюм Жавзийя раҳимаҳуллоҳнинг сўзларидир. У зот дедилар: “Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Сунан китоби Исломда Аллоҳ унга хослаб берган олий ўриндадир. Шу жиҳати биланки, бу китоб Ислом аҳли орасида ҳакамга айланди. Ҳукмлар ва тортишув ўринларида ажратиб берувчи бўлди. Бу китобни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ўта гўзал низом билан тартибга солди. Заиф ва мажруҳ ҳадисларни эса, ажойиб услубда четлаб ўтди”.

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ўзининг Макка аҳлига ёзган рисоласида Сунанни сифатлаб қуйидагиларни баён қилади: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобаи киромларидан ворид бўлган суннатларнинг бари унда жамланган китобдир. Бир киши бу китобни ёзганидан кейин имлдан бирор нарсани ёзмаслиги унга зарар қилмайди. Агар бунга назар солиб, уни тадаббур қилиб, чуқур тушунса, бу китобнинг қадрини билади”[3].

Абул Ала раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот менга: “Суннатларни маҳкам ушлашни ирода қилган киши – Абу Довуд Сунанини ўқисин”, дедилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки бу гаплар уламолар Сунаннинг фазли ҳақида айтган мақтовларнинг баъзисидир. Демак, бу асар суннатни сақлаш йўлида қилинган энг улуғ ишлардан бири ҳисобланади.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

Тошкент шаҳар Юнусобод Оқтепа жоме масжиди имом ноиби

Урол Назар Мустофо тайёрлади

[1] Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006. 112 б.

[2] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996. 55 б.

[3] Ибн Раслон. Шарҳу сунани Аби Давуд. – Файюм: “Дорул фалаҳ” нашриёти, 2016. 129 б.

228260cookie-checkАбу Довуднинг сунани асари борасидаги уламоларнинг қимматли фикрлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: