Бугун, 2021 йил 10 май куни Тошкент ислом институтида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳодимлари ва институт профессор-ўқитувчилари иштирокида марказ фаолияти ва истиқболдаги режалари мавзуида илмий амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, илмий тадқиқот олиб боришнинг услубиятлари бўйича мастер-класс ташкил этилди ҳамда марказ ва ТИИ ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Д.Мақсудов маркази ва унинг фаолияти ҳақида тақдимот қилиб берди. Тақдимотдан сўнг Тошкент ислом институти ва Мотуридия халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро англашув меморандум имзоланди.
Меморандумга кўра марказ ва институт ўртасидаги ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ақида, ислом фалсафаси, манбалари, мотуридийлик таълимотини ўрганиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- Илмий ахборот алмашиш ва кутубхоналар ўртасида ҳамкорлик олиб бориш;
- Ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
- Академик, илмий-тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш;
- Қўшма илмий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ўтказиш;
- Ҳамкорлик доирасида китоблар, тадқиқот ишлари, даврий нашрлар ва бошқаларни чоп этишни йўлга қўйиш;
- Илмий тадқиқот ишларига илмий раҳбарлик бўйича ва илмий изланишларда тажриба алмашиш;
- Мотуридийлик журналида мақолалар чоп этишда ҳамкорлик қилиш.
Шу каби амалий ишлар натижасида марказ ва институт ўртасидаги доимий ҳамкорлик юқори босқичга чиқиб, диний-маърифий соҳадаги ҳаракатлар илмий жиҳатдан янада ривожланади. Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳам долзарб мавзуларда илмий-тадқиқотлар олиб бориб, институтнинг илмий таркибини яхшилаб, диний таълим тизими салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
ТИИ матбуот хизмати