islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ҳамкорликлар юқори босқичга чиқмоқда

Бугун, 2021 йил 10 май куни Тошкент ислом институтида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳодимлари ва институт профессор-ўқитувчилари иштирокида марказ фаолияти ва истиқболдаги режалари  мавзуида илмий амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда, дастлаб Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, сўнг илмий тадқиқот олиб боришнинг услубиятлари бўйича мастер-класс ташкил этилди ҳамда анжуман якунида марказ ва ТИИ ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Конференцияни институт ректори Уйғун Ғофуров домла очиб берди. Ректор домла аввало, барчани муборак Рамазон ойи ва кириб келаётган Рамазон ҳайити байрами билан муборакбод этди. Сўнг Имом Мотуридий маркази ва фаолияти ҳақида тақдимот қилиб бериш учун марказ раҳбари т.ф.д. доцент Даврон Мақсудовга сўз берди.

Даврон Мақсудов:

Ассалому алайкум, ҳурматли Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари! Барчангизни кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити байрами билан табриклайман.

Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги беш йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.

Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4802-сон қарори билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди. Номзодлар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти билан боғлиқ изланишларни амалга оширувчи хорижий тадқиқотчи ва изланувчилар орасидан саралаб олинади. Стипендия совриндорларининг Ўзбекистондаги илмий изланишлари халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳисобига молиялаштирилади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

– ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;

– ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;

– Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;

– “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборат экани қайд этилди.

2020 йил 6 ноябарда  “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.  Қарор билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг (Марказ) тузилмаси ва устави тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси буюк аждодларимиздан қолган ёзма манбалар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, олий таълим муассасалари ва музей фондларида сақланаётган қўлёзма ҳамда тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан Марказни бепул таъминлаш ҳукумат қарорида алоҳида белгилаб қўйилди.

Марказ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ишларни амалга оширишни мақсад қилган:

  • ислом динининг моҳияти ва илмларини тарқатиш, динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини кенг оммага етказишга кўмаклашиш;
  • ислом дунёсининг буюк мутафаккири, калом илми пешвоси Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросини, ижодий фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ маънавий-маърифий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш;
  • Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар олимлари илмий фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан, хайрия ташкилотлари билан илмий-амалий алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш;
  • ўрта асрларда ўтган ислом уламолари ва мутафаккирларининг калом илми ва ислом тарихи йўналишлари бўйича диний-маънавий меросини янада чуқурроқ тадқиқ этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш;
  • мотуридийлик таълимотига оид ақидавий манбаларнинг илмий-танқидий матнини тайёрлаш ҳамда уларнинг замонавий шарҳларини амалга ошириш;
  • ислом дунёсининг маънавий тарихи ва ислом манбаларини тасниф қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;
  • Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда сақланаётган ислом динига оид нодир ёдгорликларни оммалаштиришга бағишланган лойиҳаларни амалга ошириш;
  • жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ислом динининг бунёдкорлик, илм-маърифат ва одоб-ахлоққа йўғрилган таълимотини тарғиб этишга қаратилган тадбирларда иштирок этиш.

Шундан сўнг, марказ раҳбари Д.Мақсудов билан биргаликда бўлим бошлиғи т.ф.д. Абдулатиф Аллоқулов илмий тадқиқот олиб боришнинг услублари ва бу борадаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрни тўғрисида маълумот берди.

Абдулатиф Аллоқулов:

Юртимиз мотуридийшунос олимлари хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этадилар. Марказ муассислигида “Мотуридийлик” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади.

Келгусида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади. Йиғилган малумотлар асосида мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади.

Яна қувонарлиси ўзбек ва жаҳон кино ихлосмандлари учун Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда мавжуд 1,9 млрд мусулмон аҳолининг 38% ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади.

Халқаро илмий ҳайъат таркиби йигирмадан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Алимов мазкур Халқаро илмий ҳайъат раиси ҳисобланади.

Халқаро ҳайъат таркибида хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар, Марказ илмий ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.

Жумладан, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Россия ислом университети ректори, академик Рафик Муҳаметшин, Босния собиқ муфтийси, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори – Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий каби нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этиб, йиғилиш қатнашчилари томонидан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Халқаро ҳайъат йиғилишида Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 30 дан зиёд соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари иштирок этди.

Тақдимотдан сўнг, илмий тадқиқот олиб боришнинг услубиятлари бўйича мастер-класс ташкил этилди ҳамда анжуман якунида марказ ва ТИИ ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Умарходжаев Мурод

228870cookie-checkҲамкорликлар юқори босқичга чиқмоқда
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

1 та фикр мавжуд
  1. […] Бугун, 2021 йил 10 май куни Тошкент ислом институтида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳодимлари ва институт профессор-ўқитувчилари иштирокида марказ фаолияти ва истиқболдаги режалари  мавзуида илмий амалий конференция бўлиб ўтди. […]

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!