islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИМОМИ АЪЗАМ ЖАЗАРИЙ

Мақола номига эътибор қаратган киши “Имоми Аъзам” номини Жазарий нисбаси билан ўқиб таъжубланиши тайин. Ҳа, лекин бу аниқ ҳақиқат, тўла исми шарифлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Юсуф ал-Жазарий ал-Умарий ад-Димашқий аш-Широзий бўлган, барчамизга Имом Жазарий номи билан таниш буюк олим ватандошлари томонидан «Имоми Аъзам» деб таърифланар эди.

Дарҳақиқат бу буюк олимнинг таваллудлари ҳам ажиб эди.  Имом Жазарийнинг отаси тижоратчи киши эди. Қирқ йил фарзанд кўрмади. 750/1350 санада ҳаж сафарига борганида Замзам олдида туриб, замзам сувидан ичар экан, Аллоҳ таолодан олим ва солиҳ бўладиган ўғил фарзанд беришини сўраб дуо қилди. Орадан ўн ой ўтиб дуонинг ижобати рўёбга чиқди: имом ал-Жазарий дунёга келди.

Имом ал-Жазарий Дамашқда 751 сана йигирма бешинчи рамазон (м. 1350 й. 25 ноябр) куни таровеҳ намозидан кейин таваллуд топди.

Имом Жазарийнинг отаси солиҳ, илмга берилган, аҳли Қуръон киши эди. Шунинг учун ҳам тилаб олган фарзандини дуода сўраганидек инсон бўлиши учун ёшлигиданоқ Қуръон устозларининг, замона уламоларининг ҳузурига олиб бориб, улардан илм олишини таъминлади. Имом Жазарийни отаси биринчи бўлиб, ўзининг Қуръон таълим берган устози шайх Ҳасан Саружийнинг олдига олиб борди. Имом Жазарий ўн уч ёшида 764/1363 санада Қуръонни тамомлади 765/1363 йили хатмга ўтиб берди.

Имом Жазарий Қуръон билан бирга ҳадис илмини ҳам ўрганиб борди. Дамашқда Фахр ибн Бухорийнинг асҳоблари ва бошқалардан ҳадис тинглади. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Хаббоздек катта шайхлардан ҳадис илмида ижоза олишга эришди. Ал-Хаббоз имом Жазарийнинг бобосининг тоғаси эди.

Имом Жазарийнинг нафақат қироат илмида балки фиқҳ, ҳадис каби илмларда ҳам мавқеси улуғ эканлиги тўғрисида Ҳофиз ибн Ҳажар шундай дейди: «У киши имом муқрий. Дамашқда таваллуд топган. Ўша ерда фақиҳ бўлган. Ҳадис ва қироат талабига қаттиқ берилди. Қироат илмида юксак даражага етди. Қорилар учун бир мадраса бино қилиб, уни «Дорул-Қуръон» деб номлади. Одамларга Қуръон ўқитди. Бир марта Шом қозилигига таъйинланди. Унинг имзосини Имодуддин ибн Касир қўйган». «Барча юртларда қироат илмида бош устоз у бўлиб қолди. Уни ўз юртида «Имоми Аъзам» деб аташар эди». «Мол-дунёси кўп, ёши улуғ бўлишига қарамай, илмга иштиёқи қаттиқлигидан одамлар ҳайратда қолишар эди. Ҳижоз аҳлига ҳам жуда кўп хайру саховат қилар эди».

Имом Жазарийнинг шогирди имом Саховий шундай дейди: «У кишига «Одилия»да бир нечталари фатво, дарс бериш ва қироат ўргатишга ижозат беришган. Кейин «Дорул-ҳадис ал-Ашрафия» шайхлигига, шайхи Ибн Саллордан кейин «Турбату Уммис-Солиҳ» шайхлигига эга бўлди, Шиҳоб ибн Ҳижжий каби таниқли олимлар ҳозирлигида мажлислар қурди, улуғ дарс бўлган».

Имом Жазарий ҳаёти давомида Умавий жомеси Қуббатуннаср тагида Қуръони карим дарси бериш вазифасида ишлаган. Ўша даврнинг одатига кўра, бу ерда дарс бериш ҳуқуқи, қайси илмдан бўлмасин, ўша диёрнинг ҳамма тан олган энг етук устози бўлган кишигагина берилар эди. Шу билан бига Дамашқдаги «Турбату Уммис-Солиҳ» марказида қироат бош шайхи вазифасида ҳам ишлаган. Бу мақомга ҳам замонанинг энг катта устози дарс бериши шарт қилинган эди.

Бундан ташқари, «Одилийя» мадрасаси қироат ва наҳв бўйича бош устози, Дамашқдаги «Дорул-Қуръон» билим юртининг бош шайхи, «Салоҳийя мадрасаси» мударриси, Миср ҳукмдори Малик Муайядга котиблиги, Шероз қозиси, Шероздаги «Дорул-Қуръон» бош шайхи, «Дорул-ҳадис ал-ашрафийя» қироат бош устози, «Отабек» мадрасаси бош мударриси, Дамашқдаги «Тавба» масжиди имом хатиби вазифаларида ҳам фаолият юритган.

Ушбу таъриф ва мақтовлар бутун ислом оламига қироат илмида катта устоз сифатида танилган камтаргина Имом Жазарий раҳматуллоҳи алайҳга берилган эди. Аллоҳ ушбу буюк алломадан рози бўлсин!

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Умиджонова Ҳалимахон

228340cookie-checkИМОМИ АЪЗАМ ЖАЗАРИЙ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: