islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Улуғларни хотирлаш, устозларни қадрлаш шогирдларга фахрдир

Исломда уламолар, халқ хизматчилари ва ёши улуғларни ҳурмат қилишга алоҳида тарғиб қилинади. Сабаби улар дин ва халқ манфаати йўлида бошқалардан кўра кўпроқ меҳнат қиладилар, шу йўлда кексаликка етадилар, қайсидир ўринларда моддий-маънавий зарарга ҳам дуч келишлари мумкин. 

Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади:
«Бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?» деди.
«Умри узун, амали гўзал бўлган одам», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Кимнинг бир толаси Аллоҳ йўлида оқарса, бу унинг учун қиёмат куни нур бўлади».

Шу билан бирга бу дунёдан ўтиб кетганларни ҳурматлаш, эзгу амалларини эслаб зикр қилиш, Қуръон ўқиб савобини уларнинг ҳақига бағишлаш ажру савобли иш ҳисобланади.

Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Лубаб»да: «Мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бу ижмоъ бўлган», дейди. Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», дедилар».

Маълумки, ҳамюртларимиз орасида, 9 май санаси хотира ва қадрлаш куни сифатида алоҳида эътибор қилинади. Шу куни одамлар ўтганларини ёд этиб қабристонларга боришади, Қуръон тиловат қилишади, яқинларини, ёши улуғларни зиёрат қиладилар.
Расмий миқёсда бу кун кўплаб давлатларда Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба сифатида кенг тантана қилинади.
Юртимизда бу сана 1999 йидан буён Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниб, байрам қилинади. Маълумки, Иккин Жаҳон урушида 70 миллион одам вафот этган, шулардан 583 минги Ўзбекистон фарзандларидир. Инсоният бошига мана шундай талофат ва ёвузликни олиб келган урушнинг барҳам топиши эвазига 9 майда ўтганлар хотирланиб, тириклар қадрланади.
Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом институти ҳамда диний-маърифий соҳада узоқ қиллар меҳнат қилган, шу билан бирга айни пайтда ишлаб турган фахрий устозлар, имом домлалар ифторлик дастурхонига таклиф этилди.


Улуғ Рамазон кунлари азиз устозларни эслаб, уларнинг қадрли суҳбатларидан, бебаҳо хотираларидан баҳра бўлиш мақсад қилинди.

Тадбирга, Тошкент ислом институтининг биринчи битирувчиларидан, 30 йил тафсир, ҳадис фанларидан дарс берган, шу билан бирга Тошкентдаги Ислом ота (Жўрабек) жоме масжидида имом-хатиб бўлган Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йиллар турли лавозимларда ишлаган, Тошкентнинг Кўкча маҳалласидаги Шайх Зайниддин жоме масжидида имом-хатиб, Халқаро ислом академияси (Тошкент ислом университети)да ўқитувчи бўлиб ишлаган Раҳматуллоҳ қори Обидов, ЎМИда турли лавозимларда, асосан Таълим ва илмий тадқиқотлар (Таълим ва кадрлар тайёрлаш) бўлими мудири вазифасида меҳнат қилган Жалолиддин домла Нуриддинов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон домла Шокиров, ТИИ Тиллар кафедрасида ўқитувчилик қилган Каримуллоҳ домла Юсупов каби устозлар ташриф буюрдилар.


Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, ДИҚ Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими мудири Бобомурод Рустамов, бўлим ходими Элёр Алимқулов, ЎМИ бўлим ходимлари Шерзод Чўлпонов, Камолиддин Маҳкамов, ЎзХИА ўқитувчиси Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ва устоз Рамил Адигамовлар меҳмон бўлдилар.


ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров ҳамда кафедра мудирлари Соатмурод Примов, Обид Тангиров ва бошқа ўқитувчилар фахрли устозлар билан даврадош бўлиб соҳага оид масалалар юзасидан ҳамсуҳбат бўлдилар.
Ифторликгача Қуръон тиловат қилиниб, савоби ўтганлар руҳига баҳшида қилинди. Устозлар ва меҳмонлар, экранда намойиш этилган, ЎМИ тарихи ва муфтийларига бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилиб, ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар, устозларини ҳамда ҳамкасбларини ёдга олдилар.


Ифторлик дастурхонидан сўнг устозлар ва меҳмонларга оз бўлсада эътибор ва қадрлашни изҳор қилиш мақсадида ҳадялар берилди.

ТИИ Матбуот хизмати

228540cookie-checkУлуғларни хотирлаш, устозларни қадрлаш шогирдларга фахрдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: