islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган тизимли ислоҳатларнинг муҳим таркибий қисмидир.

Ўзбекистон замини қадимдан илму-маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккир алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб қомусий олимлар ислом илмлари билан бир қаторда, дунёвий фанлар тараққиётига, хусусан, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган.
Ана шундай буюк алломалар қаторидан жой олган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар, Малайзия исломни англаш институти, Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси, Салжук университети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази сингари хорижий илмий муассасалар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот-маркази, Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.
Ушбу халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази қошида ташкил этилган Халқаро илмий ҳайъат аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти вакиллари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этдилар.

Шунингдек, симпозиумда Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Швеция, Франция, Босния ва Герцеговина, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон каби ўндан зиёд давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар ҳам иштирок этдилар.
Симпозиумда Марказ томонидан нашрга тайёрланган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя”, “Юртимиз алломалари рукни остида 10 та рисола”, “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар” “Долзарб раддиялар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” каби бир қатор китоблар, шунингдек, “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сони тақдимоти ўтказилди.

Шу билан бир қаторда, талабалар ўртасида “Имом Мотуридий издошлари” рукни остида ташкил этилган танловнинг энг яхши мақола, энг яхши видеоролик, энг яхши инфографика номинациялари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Симпозиумда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти бўйича талабалар ўртасида энг яхши инфографика, энг яхши видеоролик ва энг яхши мақола йўналишларида ташкил этилган танлов ғолиблари аниқланди.

“Энг яхши мақола” номинацияси:

1-ўрин: Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси Саидханбалова Солиҳа;
2-ўрин: Навоий давлат педагогика институти мустақил тадқиқотчиси Норқобилов Мирзақул;
3-ўрин: Денов тадбиркорлик ва педагогика институти талабаси Шавқатуллоев Дўстмуҳаммад;

“Энг яхши инфографика” номинацияси:

1-ўрин: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Авазова Чарос;
2-ўрин: Тошкент ислом институти ходими Каримова Дилфуза;
3-ўрин: Тошкент ислом институти ходими Тангиров Обид;

“Энг яхши видеоролик” номинацияси:

1-ўрин: Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи Ўринбоев Ҳабибулло;
2-ўрин: Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ходими Мирзаев Насриддин;
3-ўрин: Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси Муфтиллаев Луқмонжон.

Симпозиум шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.

ТИИ Матбуот хизмати

235420cookie-check“Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: