islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом оламига мантиқ илмини кириб келиши

Шарқда биринчилардан бўлиб мантиқ илми билан шуғулланган, араб мусулмон дунёсида перипатетизмга йул очиб берган мутафаккир Ал-Киндийдир.

Абу Юсуф Ёқуб ибн Исхоқ Ал-Киндий[1] (тахм. 800 й., Басра – 870 й.й.,Бағдод) – араб файласуфи ва олими. У қадимги грек, хинд ва форсларнинг фалсафий-мантиқий меросини яхши билган, араб тилида фалсафий атамаларни ишлаб чикишда фаол қатнашган ва ўз даврида биринчи бўлиб фанларни таснифлашга ўринган. Ал-Киндийнинг дунёқарашида мантиқ илмига оид масалалар алоҳида ўрин эгаллайди. У қадимги юнон мутафаккирлари асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. Ўрта асрларда ёзилган “Ал-Фихрист” номли библиофафик асарда (муаллифи Ибн ан-Надим, 995 й. вафот этган) Ал-Киндийнинг “Аристотелнинг ўнта категориялари ҳақида”, “Категориялардаги Аристотелнинг мақсади ҳақида” номли асарлари тўғисида маълумот берилади.

Ан-Надимнинг таъкидлашича, Ал-Киндий “Иккинчи аналитика”га оид икки рисола ёзган: “Мантиқни исботлашга доир қисқача рисола” ва “Исботлаш ҳақида рисола”. Шунингдек, Ал-Киндий “Софистларнинг адаштиришларига қарши огоҳлантириш” номли рисоласида Аристотелнинг “Софистика”сига бўлган муносабатини баён қилади. Ал-Киндийнинг “Шеър санъати ҳақида” номли асари Аристотелнинг “Поэтика”сига комментария сифатида ёзилган. У Аристотелнинг “Иккинчи аналитика”сини Евклид геометрияси билан солиштириш ғоясини илгари сўради.

Мантиқий исботлашни тушуниш ва ундан фойдаланиш учун геометрияни ўрганиш зарур, деб ҳисоблайди. Унингча, фақат шундагина Аристотелнинг яратган қоидаларини тушуниш мумкин. Ал-Киндий бирорта буюмни исботлашни унинг мавжудлигига, борлигига ишонмасдан туриб бошлаш мумкин эмас, дейди. Унинг фикрича, исботлашнинг мақсади буюмни ташкил этувчи шаклни ўрганишдан иборатдир. Ал-Киндийнинг фалсафий ва мантиқий асарлари, унинг рационалистик йўналишдаги фикрлари Фаробий, Ибн Сино, Ибн Рушд, Беруний ва бошқа мутафаккирлар дунёқарашининг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатди. Унинг асарлари Ўрта асрлардаёқ Ғарбий Европада кенг шухрат қозонди. IX-XI асрларда мантиқ масалалари билан астойдил шуғулланган Ўрта Осиё мутафаккирларидан Фаробий, Ибн Сино, Абу Абдуллох ал-Хоразмийларни кўрсатиш мумкин. Бу мутафаккирларнинг мантиққа бағишлаб ёзган асарлари асосан тўққиз томдан иборат эканлигини ва уларнинг номланиши, кетма-кетлиги бир хил эканлигини кўришимиз мумкин. Бунга сабаб шуки, Аристотелнинг “Органон” ини ташкил этувчи олтита мантиқий трактатларига (“Категориялар”, “Талқин ҳақида”, “Биринчи аналитика”, “Иккинчи аналитика”, “Топика”, “Софистик радция”). Бундан аввалроқ эса унга Порфирийнинг “Исоғувчи” асари қўшилган эди.

Шундай қилиб, “Органон” тўққиз трактатдан иборат бўлган яҳлид тақдимот сифатида араб файласуфлари томонидан қабул қилинган. Шу асосга кўра Фаробий, Ибн Сино, Ал-Хоразмийлар мантиқга оид таълимотларини айнан шу тартибда ишлаб чиқдилар. Мантиқ масалаларини кенг ва изчил тадқиқ этган мутафаккир Ал-Фаробий (873-950 й.й.) дир. У Сирдарё буйидаги Утрор шаҳар қаласида, туркий ҳарбий оилада дунёга келди. Фаробий асарларининг катта қисми фалсафа ва мантиқ илмига оиддир.

Фаробийда мантиқий билимлар системаси “Исоғувчи” (Кириш), “Макулот” (Категория), “Ибора” (Хукм), “Қиёс” (Силлогизм, Биринчи аналитика), “Бурхон” (Исботлаш, “Иккинчи аналитика”), “Жадал” (Диалектика), “Сафсата” (Софистик раддия), “Хитоба” (Риторика), “Шеър” (Поэтика) асарларини ўз ичига олади. Шунингдек, Фаробий “Мантиқ илмига кириш”, “Ақл ҳақида”, “Шартли хукмлар”, “Силлогизм” каби асарларида мантиқ масалаларини ишлаб чиқди. “Илмлар таснифи” асарида ҳам мантиқ илмининг предмети, тузилиши, илмлар системасида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритади. Мутафаккирнинг таъкидлашича, мантиқ санъати интеллектнинг мукаммаллашувига олиб келувчи ва инсонни ҳақиқат томон йўналтирувчи қонунларнинг мажмуасини ўрганади. Бу қонунлар инсонларни билиш жараёнидаги турли хато ва адашишлардан сақлайди.

Инсон бу қонунлар ёрдамида билимларини текшириб, уларнинг чин ёки хатолигини аниқлаш имконига эга бўлади. Фаробийнинг мантиқий таълимоти унинг гносеологик таълимоти билан узвий боғликдир. Унингча, фикрлар табиатдаги нарса ва ҳодисаларни сезгилар орқали билиш асосида вужудга келади. У билишда сезгиларнинг ролига жуда катта ўрин беради. Фикр шакллари ўртасидаги алоқа, муносабатлар реал муносабатларни ифодалаш жараёнида вужудга келишини таъкидлайди. Мутафаккир мантиқ, илмининг тил, грамматика, фалсафа билан ўзаро алоқадорлигини кўрсатиб ўтади. У “Фалсафани ўрганишдан аввал нималарни билиш керак” номли рисоласида фалсафий аргументлаш билан, яъни фалсафий масалаларни асослаш, исботлаш билан танишишдан аввал силлогизмларни, яъни мантиқий хулоса чиқариш усулларини билиб олиш зарур, дейди. Фаробий, айниқса, Аристотелнинг “Аналитикалар”ини ўрганиш зарурлигани таъкидлайди. Бу китобларни ўрганиш чин исбот билан хато исботни бир-биридан фарқлашга, мутлақо хато бўлган фикр билан бир оз хато бўлган фикрни ажратишга ёрдам беради.

Фаробий фикрича, силлогизм ва исботлаш усули энг тўғри, ҳақиқатга олиб келувчи усул бўлиб, илм-фан, фалсафа шуларга асосланадир. Фаробий асосий мантиқий шаклланган тушунча, ҳукм ва уларнинг турлари, хулоса чиқариш, айниқса, силлогизм ва унинг модулларини чукур тахлил қилиб, улар тўғрисида изчил таълимот яратди. У тўғри тафаккурлашнинг асосий принциплари: айнанлик, хукмларнинг ўзаро зид бўлмаслиги, изчиллиги, ҳар қандай хулосанинг етарлича асосланганлиги каби муҳим мантиқий масалаларни ҳам ҳар томонлама ишлаб чиқди. Фаробийнинг мантиқий таълимоти яқин ва Ўрта Шарқда, Ўрта Осиёда мантиқ фанининг кейинги ривожига катта таъсир кўрсатди. Хусусан, IX-X асрларда Абу Абдуллох ал-Хоразмий, Яхё ибн Али Абу Сулаймон, Абу Хайян кабилар Фаробийнинг мантиқ, соҳасидаги ғояларини давом эттирдилар. Айниқса, Фаробий фалсафаси ва мантиғи “Ихван ас-Сафо” – “Соф биродарлар[2]” нинг таълимотига жуда катта таъсир кўрсатди.

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

талабаси Хужақулов Хурсанмурот

[1] Имоми Киндий машхур инсон бўлиб, 300 дан ортиқ китоб ёзган. Улар: “Фалсафа, мантиқ, математика, коинот, мусиқа, нужум, муҳандислик, илму фалак, тиб китоби, илму нафс, сиёсат” бу маълумотлар Имом Киндийнинг “Ислом тарихи фалсафаси” китобини биринчи жилдида келтирилган

[2] Ҳижрий III асрда яшаб ўтган мусулмон файласуфлариннг жамоаси Басрада яшаб ўтган

235390cookie-checkИслом оламига мантиқ илмини кириб келиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: