Ёш авлод миллатнинг келажаги ва тараққиёт пойдевори ҳисобланади. Аммо айрим шахслар ёшларни алдов усуллар орқали нотўғри йўналишларга, ғаразли оқимларга даъват қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу каби ҳаракатлар нафақат жамиятнинг маънавий барқарорлигига, балки ёшларнинг шахсий тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Ёшларни нотўғри оқимларга жалб қилиш орқали уларнинг эътиқод ва ахлоқий тамойиллари бузилади. Бу жараёнда ёшлар ўз иродасидан маҳрум бўлиб, ғаразли гуруҳларнинг қуролига айланади.
Оқимлар таъсирига кирган ёшлар ҳақиқий диний билимлардан мосуво бўлади, нотўғри билимлар уларнинг жамиятдаги ўрнидан узоқлаштиради ва ҳаётдаги барча йўналишларда зарарли қарорлар қабул қилишларига сабаб бўлади.
Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларнинг ортиб бориши жамиятда ҳамжиҳатликка таъсир қилади. Уларнинг қалбида нафрат каби ҳисларни пайдо қилиш ҳамма нарсадан норози бўлишига ва одамлардан ажралиб қолишига сабаб бўлади.
Инсон нотўғри ақидаларга ишониб қолганда, унинг атрофидагилар ҳам бу ғоялар таъсирига тушиши мумкин.
Нотўғри оқимлар ғоялари одамларнинг руҳий ҳолатини мувозанатдан чиқариб, айрим ҳолатларда жиноят содир этишгача олиб боради.
Таълим ва тарбияни кучайтириш, ёшларга тўғри билимлар ва маънавий ахлоқни ўргатиш нотўғри ғоялардан ҳимоялашнинг энг самарали усулидир.
Жамоатчилик ва оила назорати ҳам муҳим бўлиб, ота-оналар, устозлар ва маҳалла-кўй ёшларни назоратда ушлаб, уларни ҳар қандай ножўя ҳаракатлардан сақлашлари керак.
Ёшларни Исломнинг ҳақиқий ва соф таълимотларидан хабардор қилиш лозим. Шу тариқа улар нотўғри оқимларга тушишдан сақланади.
Алдаш, ёлғон маълумотлар орқали нотўғри оқимларга жалб қилиш ёшларнинг келажагига таҳдиддир. Шунинг учун ҳар бир инсон ёшларини адашган йўллардан ҳимоя қилиш учун масъулиятли бўлмоғи лозим. Ёшларнинг соф иймонли ва баркамол шахслар бўлиб улғайиши учун уларга тўғри таълим ва маънавий тарбия бериш энг катта вазифамиздир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
жоме масжиди имом-хатиби