islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Хатмона – 2021” битирув тадбири

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2017-2021 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2021” битирув тадбири бўлиб ўтди.

“Хатмона – 2021” битирув тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиснинг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Матбуот хизмати мудири Муҳаммадаюбхон домла Ҳомидов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шокиров; Дин ишлар бўйича қўмита раиснинг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Диний маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов; Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро муносабатлар кафедраси профессори Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим, Имом Мотуридий илмий тадқиқот маркази директори Даврон Мақсудов каби мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институтида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий имом-хатиблар ва ходимлар ҳам таклиф этилди. Жалолиддин домла Нуриддинов, Абдулҳамид домла Турсунов, Раҳматуллоҳ қори Обидов, Зоҳиджон домла Қодиров, Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Зокиржон домла Шарифов каби фахрий устозлар тадбирда қатнашдилар.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Хатмонада ЎМИ Матбуот хизмати ходими Абдулқаюм Йўлдошев бошловчилик қилди. Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Камалов Абдулбасир Қуръон карим тиловати қилингач, Салоҳиддин домла Шарипов дуо қилдилар.

“Хатмона-2021” тадбирини очиб бериш учун сўз Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровга берилди.

 Бу кун тинч юртимда тўй-шодиёна,

 Азиз меҳмонларнинг файзи бўлакча.

 Ҳар қанча айтмайлик сўз шоирона,

Қадри йўқ энг яхши эзгу тилакча.

Битирувчиларни табриклаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг иринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков минбарга таклиф қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам талабаларни табриклади.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

 Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Шундай экан, ўз дил изҳорларини устозларга билдириш истагида бўлган тадбир қаҳрамонлари бўлмиш азиз битирувчиларга навбат берилди. Абдулазиз Жуманов ўзбек тилида, Ҳикматуллоҳ Рўзиалиев араб тилида, Муҳаммадали Маҳкамов инглиз тилида, Ҳалилуллоҳ Асадуллаев рус тили таълим берган устозларини ҳурмат ва эҳтиромни ифода қилувчи нутқ сўзладилар.

Ота-она эрур ҳаёт гултожи

Фарзанд камолини ўйлар эрта-кеч

Бири олим, муаллим, бириси ҳожи

Уларнинг ёмони бўлмагайдир ҳеч.

Навбатдаги сўз битирувчиларни табриклаш ва уларга таълим берган устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириш учун хатмона кечасига ташриф буюрган қадрли ота-оналарга берилди. Улар мана шу тўрт йил мобайнида фарзандларига таълим берган устозларига қалб сўзларини изҳор этдилар.

Охунжонов Абдулҳайнинг боболари Исроилжонхўжа ота Ибрагимов ва Одилхон ота Охунжонов, Нуриддинов Асадуллоҳнинг отаси Муҳаммадхон Обидов, Зиёуддинов Муҳаммад Содиқнинг бобоси Зиёуддин ота Саидаҳмедов сўзга чиқдилар.

Битирувчи курс талабаси Асадуллоҳ Нуриддинов институт ҳақида ўзи ёзган шеърни ўқиб берди.

Ҳамд Аллоҳгадир, Расулига саловат,
Қалб тўла алам, йўқдир ҳаловат,
Аччиқ кўз ёшимга қилма маломат,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Қадринга етмадик шамолдек ўтди йиллар,
Ғанимат билмадик вайрон бўлди диллар,
Таърифин қилай десам, ожиздир бу тиллар,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Етишиб чиқди сендан не-не зотлар,
Муфтий, шайхул-ислом, олим-у қурролар,
Гувоҳдир бунга ярим асрлик замонлар,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Сендадир фидоий азиз устозлар,
Кўкларга қадринг кўтарган улуғ устозлар,
Дин ғамида сочи оқарган буюк устозлар,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Бизларга илм берди олим устозлар,
Фақиҳ, муҳаддис, муфассир, моҳир устозлар,
Ақоидда пешқадам, камтарликда намуна,
Хулқи Қуръон бўлган, зоҳид устозлар,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Бағрингда таълим олдик курсдошлар билан,
Кўзи ёнган шижоатли қалбдошлар билан,
Бир мақсад йўлидаги елкадошлар билан,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Тавсиям сизларга маъҳаддаги толиблар,
Қадрига етин улуғ макон, ғанимат фурсатлар,
Омонатдир сизларга азиз устозлар,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Ҳижрон азоби осон эмас, биламан,
Айрилиқ вақтинчалик, умид қиламан,
Насиб қилса бағринга яна қайтаман,
Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Шундан сўнг, ўқиш давомида турли йўналишларда етакчи бўлган талабалар эътироф этилди.

Аъло бахоларга ўқиши, намунали хулқи, жамот ишларида фаол, институт миқёсида ўтказилган турли мусобақалар ғолиби, Республика фан олимпиада иштирокчиси Рўзиалиев Ҳикматуллоҳ; телевидение ва радиода илмий-маърифий, ижтимоий-маънавий, диний йўналишдаги мавзулар бўйича энг кўп чиқиш қилган, хаттот Фаёзий Нажмиддин; Қуръони каримдан ижоза соҳиби, юксак хулқли, жамоат ишларида фаол Охунжонов Абдулҳай Фозилжон ўғли; институт миқёсида ўтказилган Қуръон мусобақаси ғолиби, Қуръондан ижоза соҳиби, юксак хулқли, жамоат ишларида фаол Нуриддинов Асадуллоҳ соҳа раҳбарлари томонидан ТИИ ректори фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Тадбирда диний соҳада узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган ва айни пайтда фаолият олиб бораётган имомлар ва устозлар қатнашдилар. Мазкур меҳмонлар орасида ўзларининг катта ҳаётий ва касбий тажрибадан келиб чиқиб битирувчиларимизга керакли маслаҳатларини бериш учун  устоз Салоҳиддин домла Шариповга сўз навбати берилди!

Тадбирни якунда, Олий маъҳадда бир неча йил ректор бўлиб ишлаган Зоҳидхон домла Қодиров битирувчи талабаларга оқ фотиҳа бериб дуо қилдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда Масжидлар бўлими биргаликда битирувчиларни юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, шунингдек олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи лавозими бўйича ишга тақсимот қиладилар.

Таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар магистратура босқичида ўқиш учун республика олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

ТИИ Матбуот хизмати

 

235680cookie-check“Хатмона – 2021” битирув тадбири

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: