Бировнинг уйи ичига қараган кишининг кўзи (уй эгаси томонидан) ўйиб олинса, у дият талаб қилиб юрмасин. Билиб қўйсинки, у ҳеч қандай ҳақ талаб қилиш ҳолатида эмас!
Ҳадиси Шариф
Уй – оила қўрғони
Маҳрамият инсондаги фитрий туйғу. Ислом бу туйғунинг қаттиқ тутилишини талаб қилади. Аврат, ҳилват, маҳрам, номаҳрам тушунчаларига доимий эътибор қилишни амр қилади. “Бирон уйга киришда изн олиш кўз учундир!”[1] ҳадиси шарифи ҳам айнан шу мавзу билан боғлиқ. Уйни кенгроқ қилиш тамойили ҳам маҳрамиятни сақлаш ғоясига асосланади. Суннатга кўра, уй фақатгина иссиқ-совуқдан сақланадиган жой эмас. Балки маҳрамиятни сақлаш учун макон ҳамдир. Шунинг учун ҳам, уйга “ҳаром” дейилади (ўзбекчада “ҳарам”). Эгаси рухсат бермаса кирилмайди.
Қўрғонга тажовуз
Маҳрамиятга дахл қилиш фақатгина кириш, ташланиш каби ҳаракатлар билан содир бўлибгина қолмайди. Ноўрин қараш, тикилиш, тинглаш, тингловчи ёки кузатувчи жиҳозлар ўрнатиш, телефонини тинглаш ва ҳоказо усулларда ҳам бу ножўя ишни амалга ошириш мумкин. “Ҳеч ким изн олмасдан бировнинг уйи ичига боқмасин, ким рухсатсиз қараса, худди кирган кабидир,” ҳамда “Бировнинг уйи ичига қараган кишининг кўзи (уй эгаси томонидан) ўйиб олинса, у дият талаб қилиб юрмасин. Билиб қўйсин-ки, у ҳеч қандай ҳақ талаб қилиш ҳолатида эмасдир!” ҳадиси шарифлари бу масаланинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб турибди. Пайғамбаримиз с.а.в. деразадан ўз уйига рухсатсиз қараган одамга қўлларидаги тароқни кўрсатиб, “Ичкарига қараганингни билганимда, мана бу тароқни қўзингга тиқардим,”[2] деб огоҳлантирганлар. Ибн Аббоснинг р.а. ривоятига кўра, Ҳакам ибн Абул Осни ичкарига қараган ҳолида кўрган Пайғамбаримиз с.а.в. “Мен ҳаётда эканман сен Мадинада яшамайсан!” деб, Тоифга сургун қилганлар. Хуллас, бировнинг уйига эгасининг рухсатисиз кўз ташлашнинг жоиз эмаслигида барча уламолар иттифоқ қилишган.
Ҳар доимгидек, бу ишдаям чегара бор, албатта. Расулуллоҳ, “Кимки эшиги очиқ қолдирилган (ёки кириш эшигида пардаси йўқ) бир уйга келсаю, (ичкарига) қараса, хато унда эмас, аксинча, уй эгасидадир,” деб, ҳимояланиш уй эгасининг вазифаси эканлигини таъкидлаб ўтганлар.
Оила – бу катта ўлчамдаги тана мисоли…
Оила инсоннинг энг маҳрам доираси. Мўмин киши ўз танасини қай йўсинда ташқи таъсирлардан ҳимояласа, худди шундай оиласини ҳам асраши лозим. Ундан ташқари, тананинг ички аъзоларидаги тартиб-интизом ҳам жуда муҳим.
Яъни, маҳрамият фақатгина ташқарига хос масала эмас. Уй ичида ҳам оила аъзолари бир-бири олдида диққатли бўлишлари лозим. Иложи бўлса, уйда ҳар одамга битта хона ажратилгани маъқул. Биров бировнинг хонасига рухсатсиз кирмаслиги керак. Ота-оналар фарзандларига бу масалада яхши тарбия беришлари шарт. Ножўя гапириш, ҳаракатланиш ва кийинишдан сақланган маъқул. Бу масалани Қуръони Карим мана бу оят билан тартибга солади: “… Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас, улар ҳам (сизларнинг олдингизга кирмоқчи бўлган ҳар қандай вақтда) худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! …” (Нур сураси, 58-59-оятлар) Бу ўлчовлардан Исломда энг мукаммал ошиёнимиз оиланинг балоғатга етган ҳар бир аъзосига алоҳида хона ажратадиган даражада кенг маскан бўлиши зарурлигини тақозо қилади.
Шахсдан оилага, оиладан жамиятга…
Барча масалалар каби динимизда маҳрамлик масаласи ҳам аввало шахсдан бошланади. Яъни, бу масалада ҳам кишининг ўз-ўзини ўнглашидан бошланади. Жамиятнинг ажралмас бўлаги оила бўлгани каби, оилани ташкил этувчи асосий аъзолари ҳам шахслар ҳисобланади. Ҳар қандай масалада мамлакат мукаммал бўлиши учун жамият, жамият мукаммал бўлиши учун эса шахслар мукаммал бўлишини тақозо қилади. Дарвоқе, “Тиррақи бузоқ подани бузади,” ибораси ҳам асрлар давомида тажрибадан ўтиб, бежизга мақол даражасига кўтарилмаган. Буюк Мураббий с.а.в. бу борада, “Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи лозим,”[3] деб энг асосий мезонни кўсатиб берганлар. Муқаддас динимизда ҳам эркаклар ҳамда аёллар учун авратларини асраш мезонлари энг кичик тафсилотига қадар белгилаб қўйилгани бежизга эмас, албатта.
Қизғаниш, яшириш туйғусининг ривожланиш поғоналари
Инсон яратилишидан, фитратидан, туғилишидан ҳаё ҳисси, қизғаниш туйғуси билан дунёга келади. Энг аввало, ўзини қизғанади, авайлайди. Қолаверса, онасини ҳаммадан қизғанади, рашк қилади. Отаси ва атрофидаги яқинларини бошқалардан қизғанади. Бу туйғуни тўғри йўналтирилса, вақти келиб имонини, номусини, миллатини, халқини, дини ва Ватанини ғанимлардан қизғанадиган, ғайирлардан рашк қиладиган ҳамда ички ва ташқи душмандан авайлайдиган, ҳимоя қиладиган авлод етишиб чиқади. Мавзуни бекорга Ватан даражасигача кўтармадик, зеро “Ватан ҳимоясида уйғоқ қолган кўз”[4] ҳақидаги ҳадиси шариф ҳам бежиз эмас. Илк Ватан она раҳми бўлса, навбатдаги Ватан уй эмасми, ахир?! Демак, уйини, қўрғонини бегона кўзлардан асрай олмаган кишининг ўз Ватанини асраши ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!
Рашкнинг ўлиши
Юқоридаги ривоятлар бир қарашда ташқаридан сал ғалатидай туюлади кишига. Яъни, эшикдан мўралагани учун кимнидир сургун қилиб юбориш ёки кўзини ўйиб олиш масалалари. Чунки, бундай ҳолатлар, яъни мўралашлар ёки тўғридан-тўғри бостириб кириб кетаверишлар ҳозирда оддий ҳол бўлиб қолгани, ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, ҳар бир ишда илоҳий амрга асосланган Расули Акрам алайҳиссолату васалламнинг юыорида келтирилган ўлчовлари ҳам жуда ўринли ва асосли эканлигига заррача шубҳа йўқ. Агар киши кимдир уйига мўралашига кўникиб қолса, маҳрам доирасида яна бошқа иш қилишига ҳам кўникаверади. Куни келиб кимдир юртига мўралаши, кўз олайтиришига ҳам оддий ҳол деб қарай бошлайди. Рашкнинг ўлиши шунақа касаллик-ки, бора-бора кимдир аҳли оиласига суқланса ҳам бепарво, лоқайд қараш бошланади. Демак, кичкинагина кўринган назар масаласидан жуда катта бўлган даюсликка қараб кетган узун йўл очилади. Ундан кейин эса зинога. Зинодан эса, насл бузилиши бошланади. Бу эса, ўз навбатида насаби тайинсиз, бемеҳр, беоқибат одамларнинг урчишини келтириб чиқаради. Рашкнинг ўлишини исломда “даюслик” деб аталади. Даюс одам жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламаслиги ҳақида аниқ таъкидлар келтирилган.[5]
Қўрғонимизни ёмон кўзлардан асра!
Эй Буюк Роббимиз!
Эй Саттор! Жаннатдаги Бобомиз Одам ҳамда Онамиз Ҳаввонинг авратларини сатр қилганинг каби бизнинг ҳам авратларимизни сатр қил! Авратларимизни сатр қилиш лозимлигини қамрагувчи ақл, ҳис қилувчи қалб ва ҳаё ато қил бизга!
Эй Ҳафиз! Оиламизни, уйимизни бегона назарлардан асраш учун фаҳм-фаросат бахш айла барчамизга! Қалбимизни Шайтони лаъин васвасасидан, имонимизни шубҳа гумон туманидан ҳимоя қил! Эркагу аёлимизнинг номус туйғусининг, рашк туйғусининг йўқолишидан сақла!
Эй Роқиб! Барча нарсани кўриб, кузатиб туриш фақат Ўзинггагина хос! Ким кўз қирини ташлаяпти, ким кўз олайтирмоқда ёхуд кимнинг назари ғаразлилигини ўзинг кўриб-билиб турибсан. Биз сатрда камчиликка йўл қўйган бўлсак, Ўзинг кечир, Ўзинг ўнгла! Янада уйғоқ, бир оз хушёр бўлишни насиб эт ҳаммамизга!
Эй Аллоҳ! Ҳабибинг, суюклиларнинг энг Суюклиси с.а.в. томонидан ўрнак келтирилган энг кичик масалалар ҳам биз учун энг катта намуналардир! Буни ҳис қилиш ва яшаш учун матонат ва ғайрат бер жумламизга!
Амин, я Роббал Аъламийн!
Усмонова Нигора
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитучиси
[1] Бухорий, Либос, 75, Дият, 23; Насоий, Қасома, 47; Абу Довуд, Адаб, 136.
[2] Бухорий, Дият, 15, 23, Истизон, 11; Муслим, Адаб, 42; Абу Довуд, Адаб, 136.