islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мазҳабсизлик

Инсонларга тўғри йўлни аниқ қилиб кўрсатиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматига динни тўғри тушунтириш учун жон- жаҳди билан Ислом динига даъват этган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Мазҳаб сўзи аслида арабча “ ذهب ” “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Истилоҳда эса аҳли суннати вал жамоанинг тўрт имомларининг фиқҳий мактаблари тушунилади.

Барча суннатга эргашган мусулмонларнинг катта жамоаси томонидан эътироф этилган ақидавий мазҳаблар эса иккита бўлиб, бунга Абу Мансур Мотуридийнинг “Мотуридия” ва Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Ашъария” мазҳаби киради.

Бу йўллар аслида Аллоҳ ва Расули кўрсатган йўлдир. У йўл турлича бўлмайди. Балки мазҳабларнинг тутган йўллари бир мақсад сари етаклайди. Аллоҳ таоло ҳам Қуръонни каримда бунинг хабарини бериб марҳамат этади:

قال الله تعالى : وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

“Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир”.

Мазҳабларнинг тутган йўлларига эса оятдаги “..мана шу менинг тўғри йўлимдир..”, деган жойига тўғри келади

Диндан фақат ўзининг дунёвий мақсадлари учун фойдаланишни истаган ёки Қуръон оятлари ва суннатга кўр-кўрона амал қилиб улардан кўзланган ҳақиқий маънони бошқа тарафга буриб, Ислом уламоларининг йўлини тарк этган киши батаҳқиқ ўзига ўзи зулм қилган кишидир. Аллоҳ таоло эса бандаларига ёмонликни раво кўрмайди. Бу ҳақида Қуръони Каримда:

قال الله تعالى : إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَكِنَّ النَّاسَ أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُون

“Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар”, деб марҳамат этган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилмайди, балки бандаларининг ўзлари ўз нафсларига зулм қилурлар. Чунки, инсонлар орасида тинчлик, аҳиллик, гўзал инсоний фазилатлар ила ер юзини обод қилиш мақсадида, бандаларини бир оила сифатида жамлашни ирода этган Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал динини ер юзига туширди. Исломнинг илк даврида, баъзилар бу дининг гўзал, ҳақиқий одамийлик дини эканлигига тан беришиб, уни чин дилдан қабул қилишди, баъзилар эса бу диндан бош тортиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига, мажнунга чиқаришиб турли хил туҳмату-бўҳтонлар билан у зотдан юз ўгиришди. Албатта бу дин ила, Аллоҳ ва Расулини эътироф этиб, уларга эргашган мусулмонлар Аллоҳнинг иродаси ила ҳақиқий нажот йўлини топиб олишди. Улар катта жамоа бўлиб, асрлар давомида аҳил-иноқ, бутун инсоният ҳавас қиладиган даражада турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритиб бахтли ҳаёт кечириб келмоқдалар.

Охирги пайтларда мусулмонлар орасида, тафриқаларга бўлиниш ҳолатлари авж олди. Бу ҳолат исломий бирдамликнинг бузилиб кетишига хавф солмоқда. Мусулмонларни ўзаро баҳсу-мунозара, уруш-жанжаллар қилишларигача олиб бормоқда. Бир-бирларини сўкиб ҳақоратлар қилиш каби ўта ачинарли ҳолатларни юзага келтириб чиқармоқда. Бугун кўп тортишувларга сабаб бўлаётган мавзуларнинг бири бу “мазҳабсизлик” мавзуси бўлиб, бир тоифа мусулмонлар мазҳабларга эргашишликни гумроҳлик деб билиб, уларга эргашган мусулмонларни кўр-кўрона амал қилишликда ва мутаассибликда айблаб мусулмонларнинг бирликларини бузишмоқда. Бу оқим тарафдорлари, мусулмонларнинг пешволарини халқ орасида обрўсизлантириш мақсадида, олимларини жоҳилликда айблаб, барчанинг эътиборини ўзларига ва ўйлаб чиқарган йўлларига қаратишни мақсад қилиб олганлар.

Илмдан хабари бўлмаган соддадил баъзи мусулмонлар уларга ишонишса, баъзилар ҳатто бу тортишув, жанжаллар нама сабабдан бўлаётганининг фаҳмига ҳам бормай ҳайратдан бошларини ушлаб қолишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам илми бўлмаган одам мазҳаб нималигини билмаса, унга эргашиш кераклигининг фойдасинию, уни тарк этишнинг зарарини қаердан билсин? Ўзларини ҳақиқатгўй, дин фидойилари қилиб кўрсатаётган, лекин илмдан етарлича хабардор бўлмаган бу тоифа вакилларининг сўзларига, баъзи инсонлар илмсизликлари туфайли алданишлари табиий ҳол. Шу билан бирга “Мусулмон бўла туриб нимага мусулмон биродарига ёв қараш қилади..?” ёки “Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган кишини нима учун улар кофир дейишмоқда..?”, деган турли саволлар билан ҳайратга тушиб қолганлар орамизда кам эмас. Бунга ўхшаш саволлар ва тушунмовчиликларнинг ечимини топиш учун бир неча диний истилоҳларнинг мазмунини тушуниб олишимиз керак.

Мисол учун киши “мазҳабсизлик” нима эканлигини тушуниши учун авваламбор “мазҳаб” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини, мазҳаблар кимнинг йўли эканлигини, мазҳаб тутиш қандай аҳамиятга эга-ю уни тарк этиш қандай хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини, мазҳабларга илмий савияси қандай даражадаги кишилар асос солганлигини, мазҳабга ким эргашадию уни ким тарк этиши мумкин деган саволлар жавобини билса муаммолар анча енгиллишади. Ким тўғри йўлда эканлигини одам ўзи англаб етади.

ТИИ 4-курс талабаси И.Нурматова

236440cookie-checkМазҳабсизлик

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: