islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ғолибалик муборак, илмли талаба қизлар!

Инсон илм олар экан, уни бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Айниқса, таълим даргоҳини битириш арафасида турган толиби илмлар мутахассислик дипломини олиб, дин ва халқ хизматига йўл оладилар. Илмларини бошқаларга беришда асосан сўзлаш, маъруза шаклидан фойдаланадилар. Техника ривожи бўлишига қарамай, илмни ёзиш, асар ва матнлар шаклида тарқатиш қадимдан энг самарали усул ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Тошкент ислом институтида битирувчи, 4-курс талабалари ўртасида илмий мақолалар танлови ташкил этилди. Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими томонидан ташкил этилган танловда ўқув йилининг 2-ярим йиллигида талабаларнинг журнал, газета, сайт ва конференцияда эълон қилган материаллари, илмий мақолалари ҳакамлар ҳайъати томонидан 100 баллик мезонда баҳоланди.

60дан ортиқ битирувчи курс талабалари иштирок этган танлов хотирадаги маълумотларни тартиблаш, мавзу бўйича илмларни бирлаштириш, сўз қўллашда таъсирчанликни ошириш каби кўникмаларни ҳосил қилди. Илмий танловда аёл-қиз талабалар етакчилик қилиб, мақолалар сони ва савияси жиҳатдан юқори балларга сазовор бўлдилар.

Танлов ғолибалари:

1-ўрин. 4-курс талабаси Махаматхонова Мухлиса:

2-ўрин. 4-курс талабаси Қурбонова Дилафруз:

3-ўрин. 4-курс талабаси Козимий Мухлиса:

4-курс талабалари Мунаввар Ниёзалиева ва Одинаев Нодир эса рағбатлантирувчи ўрин билан мукофотландилар. Ғолибаларга ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров диплом ва “Тафсири ҳилол” тўпламини топширди:

Тақдирлаш тадбирида ректор У.Ғафуров танловнинг аҳамияти тўғрисида гапирди. Ғолибалар ҳақида фикр билдириб, илмий-маърифий соҳада ҳам аёл-қизлар самарали меҳнат қилаётгани, илмий савиялари ўсиб бораётганини эътироф этди. Келгусида ҳам Олий маъҳад толиба қизлари жамиятдаги, хотин-қизлар орасидаги турли бидъатлар, хурофотларнинг олдини олишда муносиб хизмат қилишига умид билдирди. Қизларнинг долзарб мавзуларда рисолалар нашр қилишларига институт раҳбарияти, устозлари ёрдам бериши қайд этилди.

Барча устозлар, таълимни давом эттирмоқчи бўлган талаба қизларнинг магистратура босқичида ўқиши, имтиҳонлардан муваффақият билан ўтишларига тилакдош бўлдилар.

Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор Умид Ходжаев ҳам ғолибаларни муборакбод этиб, институтнинг турли йўналишларида ишга қолаётган талаба қизларнинг илмий-касбий фаолиятларига омад тилади. Шу билан бирга республика олий таълим муассасаларида таълим олиб битираётган ТИИ магистр ўқитувчи ва ходимларининг юқори илми ва намунали хулқи билан бошқаларга ўрнак бўлётгани фахр билан тилга олинди.

Ёзма нутқни кучайтирувчи илмий танловнинг тақдирлаш маросимида Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими ходими Обид Тангиров ғолибаларни муваффақият билан қутлаб, иштирок этган барча талабаларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Мазкур танлов бўлим томонидан мунтазам равишда ҳар йил ўтказилишини таъкидлади.

ТИИ Матбуот хизмати

237870cookie-checkҒолибалик муборак, илмли талаба қизлар!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: