Кеча, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, таълим, инфратузилмавий қурилиш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойларда ҳаёт сифатини яхшилаш соҳаларида 6 та янги инвестиция лойиҳаси бўйича ишларни фаоллаштириш юзасидан келишувга эришилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябридан 4 сентябрига қадар Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш ишлари ҳам муҳокама қилинган. Ислом тараққиёт банки Президенти анжуман ва у билан боғлиқ тадбирлар юқори савияда ташкил этилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирган.
Муҳаммад Сулаймон ал-Жассирнинг қайд этишича, мазкур тадбир халқаро ҳамжамият ҳамда ИТБга аъзо мамлакатларнинг ишбилармонлик доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди: ҳозирги пайтга келиб учрашувда иштирок этиш учун 2 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтган ва уларнинг сони ўсишда давом этмоқда. Тадбирда Банкка аъзо 57 мамлакатдан 2500 дан ортиқ вакил, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва тараққиёт институтлари вакиллари қатнашиши кутилмоқда.
Манба:https://azon.uz/content/views/islom-taraqqiyot-banki-bilan-hamkorlik-k